G7 Хитойни Россияни оқламасликка чақирди
Олам
−
16 Май 2022
8079“Катта еттилик” давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) Хитойни Россияга ёрдам бермасликка ва Москвага қарши санкцияларни четлаб ўтиб, унинг ҳаракатларини оқламасликка чақирмоқда. Бу ҳақда Германия шимолидаги Вангельс коммунасида (Шлезвиг-Гольштейн федерал штати) уч кунлик йиғилиш якунлари бўйича G7 мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари томонидан қабул қилинган қўшма баёнотда келтирилган.
“Биз Хитойни Россияга Украинага қарши тажовузкор урушида ёрдам бермасликка чақирамиз. Пекин Россия Федерациясига қарши санкцияларни бузишдан тийилиши ва Россиянинг Украинага қарши агрессив урушини оқлаш учун ахборот манипуляцияси, дезинформация ва бошқа воситалардан фойдаланишдан сақланиши керак”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, G7 Ташқи ишлар вазирлари Хитойни қоидаларга асосланган халқаро тартиб бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, халқаро хавфсизликка ҳисса қўшишга ва глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлигини мустаҳкамлашда, глобал жамоат товарлари билан таъминлашда, жумладан иқлим ўзгариши, биологик хилма-хиллик ва гендер тенглиги масалаларида ҳамкорлик қилишга чақирди.
“Биз Хитойга БМТ Низомининг “низоларни тинч йўл билан ҳал этиш” тамойилига риоя қилишини ҳамда таҳдид, мажбурлаш, қўрқитиш ёки куч ишлатишдан тийилишини эслатамиз. Биз Хитойни халқаро ҳуқуққа мувофиқ, Украина суверенитети ва мустақиллиги ҳамда халқаро миқёсда тан олинган чегаралари яхлитлигини қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дейилади матнда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь