Французлар бўш келмаяпти. Пенсия ислоҳотига қарши саккизинчи намойишлар ўтказилди
Олам
−
16 Март 2023
3760Кеча, 15 март куни Франция бўйлаб пенсия ислоҳотига қарши январь ойи охирида бошланган норозилик номойишларининг саккизинчиси бўлди. Унда 500 мингга яқин одам қатнашди. Бу ҳақда BFM телеканали республика Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, пойтахтдаги намойишда 37 минг киши қатнашган. Бироқ касаба уюшма марказлари бутун мамлакат бўйлаб 1,7 миллион киши ва Парижда 450 минг киши намойишга чиққанини маълум қилган.
Қайд этилишича, касаба уюшма фаоллари пенсия ёшини оширишга қарши митингларни давом эттиришга чақирган. Улар бугун, 16 март куни Париждаги намойишчиларни пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича якуний овоз бериш жараёни бўлиб ўтадиган Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси) олдида норозилик намойишига чиқишга чақирган.
Бундан ташқари, француз сиёсатчиси ва собиқ Европарламент депутати Флориан Филиппо ўзининг Twitter’ида Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқи Францияни бошқармаслиги учун халқ кўчаларга чиқиб, ўз фикрини билдириши кераклигини ёзган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ортидан нафақат Париж, балки бутун Францияда бир неча бор норозилик намойишлари авж олганди. Франция Президенти Эммануэль Макрон эса мамлакатда пенсия ёшини ошириш заруратини умр кўриш давомийлиги ва пенсионерлар сони ошиши билан изоҳлаганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15