Францияда вазир Олимпиададан олдин сувни текшириш учун дарёда сузиб кўрди (видео)
Спорт
−
13 Июль
9386Бугун, 13 июль куни Франциянинг Спорт, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари вазири Амели Удеа-Кастера Париж шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпиада ўйинлари олдидан сувнинг сифатини текшириб кўриш учун Сена дарёсидан сузиб ўтди. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.
46 ёшли вазирга жорий йилнинг 28 августь куни Паралимпия ўйинларининг очилиш маросимида мезбон мамлакат Франция байроқдори бўладиган пара-триатлончи Алексис Ханкинквант ҳамроҳлик қилган. Вазир дарё икки ҳафтадан камроқ вақт ичида бошланадиган Париж Олимпиадаси иштирокчилари учун етарли даражада тоза бўлишига умид қилмоқда.
Аввалроқ триатлон ва сузиш бўйича мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган Париждан оқиб ўтувчи Сена дарёсида хавфли бактерияларнинг юқори концентрацияси аниқланган эди. Франция расмийлар дарё сувини тозалаш учун тахминан 1,4 миллиард евро сарфлаган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах Удеа-Кастерадан ўрнак олишга ва Сена дарёсида сузишга тайёр эканликларини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олимпиада арафасида Париждан 5 мингга яқин муҳожирлар чиқариб юборилди. Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Олимпиада лицензиялари 4 тага кўпайгани хабар қилинганди.