Олимпиада арафасида Париждан 5 мингга яқин муҳожирлар чиқариб юборилди – NYT
Спорт
−
12 Июль
2340Ўтган йил давомида Франция ҳукумати 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари муносабати билан Париждан бошпанасиз қолган 5 мингга яқин муҳожирни чиқариб юборди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Манбага кўра, мигрантлар автобусда Лион ёки Марселга олиб кетилади ва ўша ерда махсус бошпаналарга жойлаштирилади. Ҳукумат уйсизларнинг айнан яқинлашиб келаётган Олимпиада туфайли ҳайдаб чиқарилаётгани ҳақидаги гапларни инкор этиб, ҳаммаси “ихтиёрий кўчириш дастури” доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди.
Шу билан бирга, уйсиз муҳожирларни кўчиришдан мақсад айнан Олимпия ўйинлари объектлари яқинидаги жойларда муҳожир одамларни аниқлашдан иборат.
Муҳожирларга кўра, расмийлар уларни уй-жой билан таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ёрдам кўрсатишни ваъда қилмоқда. Уйсизлар бошпаналарга жойлаштирилгач, улар уй олиш мезонларига жавоб берадими ёки йўқми, текширилади. Мезонларга жавоб берадиганлар бошпана сўрови кўриб чиқилаётганда узоқ муддатли уй-жой билан таъминланиши мумкин, бироқ уйсиз муҳожирларнинг атиги 40 фоизигина бундай уй-жой эгасига айлана олади.
Қайд этиш жоиз, июнь ойи бошида Олимпия ўйинларига тайёргарлик муносабати билан йил давомида Париж ҳудудидан доимий яшаш жойи бўлмаган 13 мингга яқин одам олиб чиқилди. Танганинг бошқа томони шундаки, инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиллари уйсизлар муаммосига мақбул ечим топиш талаби билан Франция Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилмоқчи. Хусусан, фаоллар уйсизлар учун 20 мингга яқин жой яратиш зарур, деб ҳисобламоқда.
LiveБарчаси