Францияда уруш даври учун махсус қўлланма тайёрланмоқда
Олам
−
18 Март
1906Франция ҳукумати мамлакат ҳудудида уруш ёки бошқа ҳар қандай инқирозли вазият юзага келганда омон қолиш учун нафақа пули ажратади. Бу ҳақда “Europe1” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳукумат уруш даврида омон қолиш учун аҳолига қўлланма тайёрламоқда. Бу 20 саҳифадан иборат қўлланма бўлиб, унда мамлакат аҳолиси хавф туғилганда нима қилиши кераклиги батафсил баён этилади.
“Гап Франция ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар, шунингдек, табиий офатлар ва эпидемиялар ҳақида боради. Расмийлар уни жорий йилнинг ёзига қадар барча аҳолига тарқатиш ниятида”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ушбу қўлланма уч қисмга бўлинади. Биринчиси инқирозли вазиятларга тайёргарлик кўришга бағишланади – сув ва консерваларни ғамлаш, дори қутисини тайёрлаб қўйиш. Иккинчиси эса бевосита инқирозли вазиятда ҳаракатлар рўйхати – масалан, ядровий ҳалокат ёки ядровий зарба пайтида бошпана топиш. Учинчиси – жамоага ҳар қандай инқироздан кейин тикланишга ёрдам бериш учун қандай қилиб отрядларга (ҳарбий, санитария, коммунал) ёзилиш ҳақида.
“Мақсад – французларга нафақат қуролли тўқнашувга, балки ҳар қандай вазиятга тайёр туришни айтиш. Француз доктринаси тийиб туришдан иборат экан, фақат қуролли можарога эътибор қаратиш ва фақат шуни французларнинг миясига сингдириш самарасиз бўларди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон замонавий Россия бутун Европа, жумладан, Франция учун таҳдидга айланганини ва у Украинада тўхтаб қолишига ҳеч қандай асос кўрмаётганини айтганди. Макроннинг фикрича, Франция Украинага ёрдам бериш ҳамда ўз фуқаролари ва бутун Европа хавфсизлиги учун жиддий қарорлар қабул қилиши керак бўлади.
Германиянинг Бавария федерал ери соғлиқни сақлаш вазири Юдит Герлах эса Германия соғлиқни сақлаш тизими уруш шароитида ҳам ҳарбийлар, ҳам фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.
LiveБарчаси