Германия шифохоналари уруш шароитига тайёрланмоқда

Олам

image

Германиянинг Бавария федерал ери соғлиқни сақлаш вазири Юдит Герлах Германия соғлиқни сақлаш тизими уруш шароитида ҳам ҳарбийлар, ҳам фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда “Augsburger Allgemeine” нашри хабар берди.

Герлахнинг сўзларига кўра, Европа Россиядан келаётган ҳарбий таҳдид билан тобора кўпроқ юзма-юз келмоқда. Шу билан бирга, АҚШнинг хавфсизлик битимидан чиқиши эҳтимоли бундай тайёргарлик заруратини янада оширади.

“Германиянинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш фақат ҳарбий соҳа билан чекланмаслиги керак. Фуқаролик сектори ҳам ҳар қандай инқирозларга, жумладан ҳарбий можароларга тайёр бўлиши шарт. Узоқ йиллар давомида мамлакат глобал силкинишларга қарши ҳимоя масалаларига етарлича эътибор қаратмаган, энди эса бу камчиликни зудлик билан тўлдириш керак”, деди у.

Герлахнинг фикрича, армияни модернизация қилиш билан бирга фуқаролик мудофаасини ҳам мустаҳкамлаш, уруш ҳолатида аҳолига узлуксиз ёрдам кўрсатишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Герлах, шунингдек, тиббиёт тизимини фавқулодда вазиятга тайёрлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

“Тиббий инфратузилма мамлакат мудофааси учун армия қанчалик зарур бўлса, шунчалик муҳим”, деди у.

Унинг сўзларига кўра, уруш шароитида 80 миллион аҳолига тиббий ва ҳамширалик ёрдамини кўрсатиш қобилияти асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.

“Малакали мутахассисларнинг етишмовчилиги каби муаммоларга қарамай, тиббиёт муассасаларининг одатдагидан бир неча баробар кўпроқ беморларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имкониятини яратиш зарур”, деди вазир.

Бавария ҳукумати аллақачон шифохоналардан фавқулодда вазиятлар бўйича огоҳлантириш тизими ва тезкор режалар ҳақида маълумот тақдим этишни талаб қилган.

Герлахнинг сўзларига кўра, олинган жавоблар кўплаб тиббий муассасалар хавфсизлик масалалари борасида жиддий ташвиш билдираётганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мамлакат Савдо-саноат палатасида иқтисодий масалалар бўйича чиқиш қилаётганда Бельгиянинг Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитида қабул қилинган Европани қайта қуроллантириш режаси Германиянинг қитъадаги энг катта армиясини ташкил қилишга олиб келишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия уруш шифохона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг