Франция ва АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ҳақида келишиб олди

Олам

image

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 21 март куни Украинадаги вазиятни муҳокама қилди. Франция ТИВ сайтидаги пресс-релизда айтилишича, ҳар икки томон ҳам Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш зарур деб ҳисоблайди. 

“Раҳбарлар Россия ҳужуми қаршисида санкцияларни кучайтиришни давом эттириш зарурлигини қайд этди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ле Дриан ва Блинкен бутун Украина бўйлаб ўт очишни тўхтатиш устуворлигини таъкидлаган. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда яқин ҳамкорлик муҳимлиги таъкидланган.

Улар, шунингдек, Украинадаги фуқаролик ядровий иншоотлари хавфсизлигини кучайтириш масаласида МАГАТЭни қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаган.

Бундан ташқари, Ле Дриан ва Блинкен шу ҳафта Брюсселда бўлиб ўтадиган НАТО ва “Катта еттилик” гуруҳи саммитларига тайёргарлик, шунингдек, АҚШ Президенти Жо Байденнинг Европа кенгаши саммитида иштирок этишини муҳокама қилган.

Таъкидланишича, Ле Дриан америкалик ҳамкасби билан суҳбатда Эрон ядровий келишуви бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ якунлаш зарурлигини ҳам таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Франция ҳукумати Россия Марказий банкининг 22 миллиард евро миқдоридаги активларини, шунингдек, Ғарб давлатларининг Россияга қарши санкциялари остида қолган жисмоний шахсларнинг ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулкларини музлатиб қўйганди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг