Франция Президенти Владимир Путин – Пашинян “қовун туширди”
Олам
−
14 Апрель 2021
16805Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бугун, 14 апрель куни парламентда Тоғли Қорабоғдаги можаронинг авж олиш тарихи ҳақида гапириб, Россия етакчиси Владимир Путинни Франция Президенти деб фикр билдирди.
Пашинян 2020 йил кузида эришилган келишувлар тафсилотлари, Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида гапириб шундай деган:
“1 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Франция Президенти Владимир Путиннинг баёнотига мувофиқ”.
Пашиняннинг бу гапи тез фурсатда ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.
Ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
LiveБарчаси