Франция ФФ Инфантинони қўллаб-қувватлашдан воз кечади
Спорт
−
09:55 227 2 дақиқа
Франция футбол федерацияси (ФФФ) бўлажак FIFA президенти сайловида амалдаги президент Жанни Инфантино номзодини қўллаб-қувватлашдан воз кечади. Бу ҳақда масаладан хабардор манбага таяниб, “Agence France-Presse” хабар берди.
Маълум қилинишича, федерациянинг қарори бугун, 10 сентябрь куни тушдан кейин ижроия қўмитаси йиғилиши якунланганидан сўнг эълон қилинади.
Жорий йилнинг июль ойида Инфантино FIFA’нинг асосий эркаклар ва аёллар мусобақаларини назорат қиладиган компания ташкил этишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Унинг фикрича, FIFA Forward Enterprise компаниясининг ташкил этилиши FIFA аъзо ассоциацияларининг даромадларини ошириши ва бутун дунёда футбол ривожига ҳисса қўшиши мумкин эди.
FIFA мазкур схема орқали 4,2 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши мумкинлигини билдирган. Бироқ ташаббус амалдорлар, федерациялар ва бошқа ташкилотлар томонидан кенг танқид қилинди ва қораланди.
Хусусан, Инфантинонинг таклифи UEFA, КОНКАКАФ, ОФК ва CONMEBOL томонидан рад этилди. Кейинчалик Африка футбол конфедерацияси, Аргентина футбол ассоциацияси ва қатор бошқа миллий федерациялар Инфантинони қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Маълумот учун, 56 ёшли Инфантино 2016 йил февраль ойида ўтказилган навбатдан ташқари конгрессда FIFA президенти этиб сайланган. Кейинчалик у икки марта рақобатсиз тарзда қайта сайланди.
FIFA президентининг навбатдаги сайлови 2027 йил март ойида бўлиб ўтади. Номзодларни тақдим этишнинг сўнгги муддати жорий йилнинг 18 ноябрь этиб белгиланган.
Live
Барчаси