“Форрест Гамп” операцияси: Зеленский ўзига яқин мулозимни ишдан олди
Олам
−
13:55 1089 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Президент девони раҳбари ўринбосари Ирина Мудрани лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг офиси сайтида эълон қилинди.
Мудранинг ишдан бўшатилиши Украина Коррупцияга қарши миллий бюроси ва Коррупцияга қарши махсус прокуратура томонидан олиб борилаётган “Форрест Гамп” махсус операцияси фонида юз берган. Тергов амалдаги ва собиқ депутатлар, Президент девони мансабдорлари ҳамда бошқа шахслар иштирокидаги эҳтимолий коррупция схемасига алоқадор.
Бунгача, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Мудранинг уйида тинтув ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди. Олий Рада депутати Ярослав Железнякнинг айтишича, тергов Мудранинг давлатга қарашли Sense Bank билан алоқаларини ҳам ўрганмоқда. Унинг сўзларига кўра, Президент девонидаги айрим шахслар Мудрага банк устидан назорат ўрнатиш топшириғини берган бўлиши мумкин.
Терговчилар, шунингдек, Sense Bank орқали собиқ энергетика вазири Герман Галушенко учун 150 миллион гривна миқдоридаги гаров пулининг бир қисми ўтказилган бўлиши мумкинлигини ҳам текширмоқда.
Мазкур тергов Тимур Миндич билан боғлиқ коррупция ишига ҳам бориб тақалади. Миндич – Зеленскийнинг собиқ ҳамкори ва “Квартал 95” студияси ҳаммуассиси. 2025 йил ноябрида унинг уйида тинтув ўтказилганди.
Коррупцияга қарши миллий бюроси ва Коррупцияга қарши махсус прокуратура маълумотларига кўра, терговчилар Миндични “Энергоатом” давлат корхонасида коррупция схемасини бошқарганликда гумон қилмоқда. Тергов версиясига кўра, ушбу схемада давлат корхонаси билан шартнома тузган компаниялардан 10-15 фоиз миқдорида ноқонуний тўловлар ундирилган. Умуман олганда, схема орқали қарийб 100 миллион доллар ўтказилгани айтилмоқда. Иш доирасида Олий Рада депутати Вадим Столарнинг уйида ҳам тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Маълумот учун, Ирина Мудра 2024 йил мартидан буён Президент девони раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У Президент офисида юридик ва ҳуқуқий масалаларга масъул. Бунгача у адлия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Олий Радаси Евгений Хмарани мамлакат Мудофаа вазири этиб тайинлаганди. Унинг номзодини зарур бўлган 226 та овоз ўрнига 312 нафар депутат қўллаб-қувватлаган.
Live
Барчаси