Фарғонадаги ёнғинда 6 киши ҳалок бўлди. Президент комиссия жўнатди
3-саҳифа
−
29 Июль 2023
17880Бугун, 29 июль куни Фарғонадаги 4 қаватли бинонинг ер тўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин чиқди. Оқибатда 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, бугун соат 11:39 да Фарғона вилояти Фарғона шаҳар “Машъал” МФЙ Сайилгоҳ кўчасидаги 4 қаватли бинонинг ер тўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра 6 та ёнғин-қутқарув экипажи 11:44 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 11:48 қуршаб олинган ва соат 11:56 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 7 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан содир бўлган воқеани ўрганиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган ва Фарғона вилоятига жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудлар иқтисодиёти билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига борганди. Қўқон шаҳрида видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари иштирокида йиғилиш ўтказган ва унда бир неча раҳбарлар ишдан бўшатилган ёки ҳайфсан олганди. 28 июль куни эса Президент иштирокидаги Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида 31 нафар масъул раҳбар ишдан олинди.