Фарғонадаги йиғилишда жами 31 нафар раҳбар ишдан олинди
Жамият
−
28 Июль 2023
12602Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари, Қўқон шаҳар ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўлими командири ўринбосари, Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғонада бўлиб ўтаётган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида маълум қилинди.
“Ушбу йиғилиш бежизга Фарғонада ўтказилмаяпти. Чунки бугун барча йўналишлар бўйича энг кўп тилга олинган ҳудуд бу Фарғона бўляпти. Сабаби, вилоятдаги криминоген вазият ачинарли ҳолда”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда кеча вилоят ички ишлар бошлиғи лавозимидан озод этилган Муҳиддин Жўраев жиноятчиликка қарши курашиш ўрнига статистикани сунъий камайтириш билан шуғулланиб келгани кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, вилоятда жиноятларни рўйхатга олмаслик орқали уларни яшириш оддий ҳолга айланиб қолгани айтиб ўтилган.
Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ўзига юклатилган вазифаларга совуққонлиги, коррупция ҳолатларига йўл қўйгани ва мансаб ваколатидан шахсий манфаатларида фойдаланиб келгани учун Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари, Қўқон шаҳар Ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўлими командири ўринбосари, Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимидан озод қилинди.
Шунингдек, вилоят прокурорининг ички хавфсизлик бўйича ёрдамчиси, вилоят прокуратураси иқтисодий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, вилоят прокурорининг вояга етмаганлар ишлари бўйича ёрдамчиси, Риштон тумани прокурори ишдан олинди.
Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизматига уларнинг фаолиятига қонуний баҳо бериб, тергов ҳаракатларини бошлаш топширилган.
Қўл остидаги ходимлари ҳамда ички ишлар идораларида қонун ижроси устидан назоратни сусайтириб юборгани учун Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоиловга ҳайфсан берилди.
Президент йиғилишни якунлар экан, энди ҳеч кимнинг эскича ишлашига йўл қўйилмаслигини уқтирган.
“Бугунги йиғилишда жами 31 нафар масъул раҳбарлар бўшатилди. Бундан кейин талаб жуда қаттиқ бўлади. Бундан буён янгича ёндашувлар асосида ишлаб, одамларимизни рози қиласизлар, ёки лавозимдан бўшатилиб, жавобгарликка тортиласизлар”, дейди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимлари ҳам ҳар ойда ҳудудидаги жиноятчилик оғир бўлган туманларда сайёр йиғилиш қилиб, ҳолатни танқидий кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.