Фаластин стол тенниси федерацияси раҳбари қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлди
Спорт
−
18 Октябрь 2023
2939Жорий йилнинг 15 октябрь куни Фаластин стол тенниси федерацияси раиси Муҳаммад Алдалу минтақада содир бўлаётган Исроил билан уруш ҳаракатлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF) ўз сайтида маълум қилди.
“Фаластин стол тенниси федерацияси президенти жаноб Муҳаммад Алдалунинг ўлими муносабати билан чуқур қайғудамиз. ITTF минтақада содир бўлган даҳшатли зўравонликдан жабрланганларга ҳамдардлик билдиради”, дейилади федерация баёнотида.
Шунингдек, ITTF барча спортчилар ва жамоалар хавфсизлигидан хавотирда эканини билдирган.
“Федерация ҳар қандай зўравонликни кескин қоралаб, барча ўйинчилар ва стол тенниси жамоаларининг аъзолари хавфсизлигидан хавотирда. ITTF стол теннисининг бирлаштирувчи кучини яна бир бор тасдиқлаб, вазият яхшиланишига умид қилади”, дейилади ташкилот хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фаластинни қўллаб-қувватлаб ижтимоий тармоқларда пост қолдиргани учун кўпгина футболчиларга чора кўрилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ғазодаги ҳолатларни қоралагани учун машҳур футболчи Карим Бензема Франция ИИВ томонидан террорчига чиқарилди.