Эйфель минорасида ишловчи “номаҳрам” аёллар минорадан ҳайдалди

World

image

Париждаги Эйфель минорасига ҳинду диний делегацияси ташрифи чоғида аёл ходимлар иш жойларини тарк этишга мажбурлангани ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув бошланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Ҳодиса жорий йилнинг 6 сентябрь куни тахминан 100 нафар кишидан иборат, BAPS номи билан танилган ҳинду диний ташкилотига алоқадор делегациянинг Эйфель минорасига ёпиқ ташрифи вақтида содир бўлгани айтилмоқда.

Касаба уюшмаси вакили Диан Давуаннинг “Reuters” агентлигига айтишича, делегация ўтиб кетаётган пайтда аёл ходимлардан иш жойларини тарк этиш ва уларнинг ўрнига эркак ҳамкасбларини қўйиш сўралган. Ҳодиса ходимлар ўртасида норозилик келтириб чиқарган.

Қайд этилишича, кеча, 7 сентябрь куни ходимлар воқеани муҳокама қилиш ва раҳбарият билан мулоқот ўтказиш учун йиғилиш ўтказган. Шу сабабли Эйфель минораси кечроқ очилган, кириш қисмида эса кечикиш “операцион сабаблар” билан изоҳланган ёзув пайдо бўлган.

Давуаннинг айтишича, минора маъмурияти ходимлардан ҳодиса учун узр сўраган.

Париж мэри Эммануэль Грегуар воқеа юзасидан имкон қадар тезроқ текширув бошланишини маълум қилган. У ходимларнинг норозилиги асосли эканини таъкидлаб, юз берган ҳолатга олиб келган барча сабаблар аниқланиши зарурлигини айтган.

Шунингдек, ҳодиса юзасидан BAPS ташкилоти ҳам баёнот берган. Унда делегациянинг келиши ташриф буюрувчиларга халақит бермаслик мақсадида минора очилиши билан бир вақтга режалаштирилгани айтилган. Ташкилот вакилларининг таъкидлашича, уларга маълум бўлган ҳолатга кўра, ҳеч ким Эйфель минорасига киришдан тўсиб қўйилмаган. Шу билан бирга, BAPS юзага келган ноқулайлик ёки оғриқли ҳолат учун узр сўраган.

Маълум қилинишича, Франция Миллий ассамблеяси раиси Яэль Браун-Пиве ҳам воқеага муносабат билдирган. У Францияда аёллар жамоат ҳаётида эркаклар билан тенг равишда иштирок этишини таъкидлаб, бошқаларни қабул қилиш мамлакат қадриятларидан воз кечишни англатмаслигини билдирган.

Билдирилишича, BAPS делегацияси Францияга Париж атрофида ҳинду ибодатхонаси очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этиш учун борган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда Эйфель минорасига тегишли тарихий спираль зинанинг бир бўлаги аукционда қарийб 450 минг еврога сотилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic