Эйфель яқинидаги терактда сайёҳ ҳалок бўлди

Олам

image

Париждаги Эйфель минораси яқинида содир бўлган ҳодисада германиялик сайёҳ ҳалок бўлди, яна икки киши, жумладан, Британия фуқароси яраланди. Бу ҳақда BFMTV хабар берди

Жорий йилнинг 2 декабрь куни кечқурун пичоқ билан қуролланган гумонланувчи эр-хотинга ҳужум қилган. Бу Эйфель минорасидан бир неча қадам нарида содир бўлган. Воқеа вақтида Германия фуқароси ҳалокатли даражада яраланган. Полиция гумонланувчини таъқиб қила бошлаганидан сўнг, у яна икки кишига болға билан ҳужум қилган (улардан бири Британия фуқароси), шундан сўнг у қўлга олинган.

Мамлакат Ички ишлар вазири Жеральд Дарманеннинг маълум қилишича, полиция Франция фуқароси бўлган 26 ёшли йигитни шовқинли тўппонча ёрдамида тезда қўлга олган.

“Гумонланувчи 2016 йилда терактни режалаштиргани учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва Франция хавфсизлик хизмати кузатув рўйхатида эди”, дейди Дарманен. 

Унинг қўшимча қилишича, ҳужумчи руҳий касалликлардан азият чеккан.

Франция Президенти Эммануэль Макрон эса воқеани “террорчилик ҳаракати” деб атади.

“Бугун кечқурун Париждаги терактда ҳалок бўлган Германия фуқаросининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман”, деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида.

Франция Бош вазири Элизабет Борн Франция терроризмга муросасиз қарши туришини таъкидлаган бўлса, Германия канцлери Олаф Шольц воқеадан ҳайратда эканини айтган.

Франциянинг терроризмга қарши прокуратураси воқеа юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Le Parisien” нашри ҳужумчининг асли келиб чиқиши эронлик эканини ёзганди. Воқеа қурбони бўлган Германия фуқароси эса асли филиппинлик экани  айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Париж Эйфель минораси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг