Эйфель минораси ёпилди

Олам

image

Эйфель минораси ходимлари ушбу меъморий ёдгорликни бошқаришнинг иқтисодий стратегиясини ўзгартиришни талаб қилиб, иш ташлаш эълон қилди. Бу ҳақда "Agence France Presse" нашри хабар берди. 

Қайд этилишича, минорага кириш ишчилар уни бошқаришнинг амалдаги стратегиясини қоралагани сабабли ёпиб қўйилган. Улар шаҳар ҳокимиятини энг таниқли диққатга сазовор жойни сақлаш учун жуда кам пул ажратганликда айблаб, иш ҳақини оширишни талаб қилган.

Норози ходимларнинг сўзларига кўра, Париждаги Олимпиада ўйинлари арафасида иш ҳажми сезиларли даражада ошган, шу билан бирга молиялаштириш масаласи "эскича" қолган. Меҳнат шароитларидан норозиликлари туфайли ходимлар ўз ишларини бажаришни ва минорага ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишни истамайдилар ва бу ўз навбатида мамлакатнинг умумий имижига салбий таъсир қилади.

Касаба уюшмалари эса коронавирус пандемиясидан кейин сайёҳлар даромади 120 миллион евродан кўпроққа камайганига эътибор беришни, Эйфель минорасини яхши ҳолатда сақлаш учун зарур бўлган таъмирлаш ишларини молиялаштирадиган махсус жамғарма яратишни талаб қилмоқда. 

Эйфель минораси охирги марта 2023 йилнинг 27 декабрь куни минора  яратувчиси, муҳандис Гюстав Эйфель вафотининг 100 йиллиги муносабати билан ходимларнинг иш ташлаши ортидан бекилган эди.

Маълумот учун, Эйфель минораси Франция пойтахтининг ўзига хос белгиси ва дунёдаги энг машҳур сайёҳлик жойларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили унга 7 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 2 декабрь куни Париждаги Эйфель минораси яқинида содир бўлган терактда германиялик сайёҳ ҳалок бўлган, яна икки киши, жумладан, Британия фуқароси яраланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Париж Эйфель минораси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг