Эстония Президенти Россияни тиз чўктиришга ваъда берди
Олам
−
28 Май
15844Эстония Россияни тиз чўктириш учун ҳамма нарсани қилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Алар Карис “Yle” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Кариснинг фикрича, ҳозир энг муҳими – Россия уруш машинасини тўхтатиш.
“Биз Россия ва Путинни тиз чўктириш учун қўлимиздан келганини қиламиз”, деб ваъда қилди у.
Унинг сўзларига кўра, шундан кейингина Украинадаги жанговар ҳаракатларни тугатиш бўйича жиддий муҳокамалар бошланиши мумкин.
Эстония ҳарбийларини Украинага юбориш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан Карис бундай қарорларни қабул қила олмаслигини айтди.
“Бу менинг қарорим ёки ҳатто ҳукуматнинг қарори ҳам эмас. Парламент қўшин юборишга қарор қилади”, дея тушунтирди Президент.
Сиёсатчининг таъкидлашича, Украина “ҳали бунга эҳтиёж сезмаяпти”. Кариснинг таъкидлашича, украиналикларга ҳозир Ғарб ҳарбий кучлари эмас, қурол керак.
Украинага Европа қўшинларини юбориш ҳақидаги муҳокама Франция Президенти Эммануэль Макроннинг баёнотидан кейин бошланди.
“Бугун қуруқликдаги қўшинларни расмий, мўлжалланган ва тасдиқланган тарзда юбориш бўйича консенсус йўқ. Аммо келажакда ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди”, деган эди Макрон февраль ойи охирида.
Бир қатор Ғарб етакчилари Украинага ҳарбий хизматчиларни жўнатмасликларини билдиришган. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам альянс Украинага НАТО қуруқлик қўшинларини юбориш ниятида эмаслигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 2 май куни Киевга сафари чоғида Украина Россия ҳудудига зарба бериш учун Британия қуролларидан фойдаланиши мумкинлигини айтганди. АҚШда эса бир гуруҳ қонунчилар Президент Жо Байден маъмуриятидан Украинага Россия ҳудудига Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар беришга рухсат беришни талаб қилди. 22 май куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари Майкл Маккол АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни Киевга Россия ҳудудига Америка қуроллари билан зарба бериш тақиқини бекор қилишга чақириб, унга АҚШ томонидан тақдим этилган ATACMS ракеталари билан қопланиши мумкин бўлган Россия ҳудуди харитасини кўрсатди. “The New York Times” эса Блинкен ўтган ҳафтадаги Киевга "кутилмаган ташриф"идан сўнг Американинг Россия ҳудудига қуролли зарбаларини тақиқлаш масаласи бўйича ўз позициясини ўзгартириб, Оқ уйга Россияга қарши зарба бериш тақиқини бекор қилишни таклиф қилганини ёзди. Франция ядро каллагини олиб юра оладиган ракетанинг илк синовини амалга оширди. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бутун дунё ҳукуматлари Украинанинг Россия ичидаги рус қўшинларига ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиши кераклигини ва бу чекловлар Украина қўшинларининг ўз мамлакатини ҳимоя қилиш қобилиятини пасайтираётганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь