Курс UZS

USD

12 880.00

19.91

EUR

13 507.26

-8.69

RUB

124.01

0.37

Конгрессменлар Пентагондан Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга ҳужум қилишига рухсат беришни сўради

Олам

image

Бир гуруҳ қонунчилар АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятидан Украинага Россия ҳудудига Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар беришга рухсат беришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги ҳар икки партия қонунчиларининг Пентагон раҳбарига мактубида сўз боради.

Мактубда конгрессменлар АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остинни Киевга маълум шароитларда Россия ҳудудидаги стратегик нишонларга зарба бериш учун Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган қуроллардан фойдаланишга рухсат беришга чақирган.

"Байден маъмурияти Украина ҳарбий раҳбариятига тўлиқ операцияларни ўтказиш имкониятини бериши керак", дейди қонунчилар.

Уларнинг айтишича, АҚШ маъмурияти янги украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатишини ҳам таъминлаши керак.

"12 нафар украиналик учувчининг тайёргарлиги етарли эмас", дейди улар.

Шу билан бирга, конгрессменлар Байден маъмуриятини Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича қўшимча активларни топширишга чақирмоқда. Уларнинг баҳолашларига кўра, сўнгги маълумотлар Украинага ёрдам етарли миқдорда бўлмагани ва нотўғри вақтда етиб бораётганидан далолат беради, бу эса жанг майдонида аллақачон қийин вазиятни янада кучайтирмоқда.

"The Wall Street Journal" газетасининг ёзишича, Украина Байден маъмуриятидан Россиядаги Киев зарба бериши мумкин бўлган нишонларни аниқлашни сўраган. Манбага кўра, Киев Вашингтондан Россия ҳудудидаги нишонларга нисбатан Америка қуролларини қўллаш бўйича чекловларни олиб ташлашни ҳам сўраган.

Ўтган ҳафта Оқ уй, Давлат департаменти ва Пентагон вакиллари АҚШ маъмурияти Киев Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун Америка қуролларидан фойдаланмаслиги кераклиги ҳақидаги позициясини ўзгартирмаганини тасдиқлади. Америка Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингхнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Украина Мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳар қандай алоқалар чоғида Америка томони ҳар доим Киевга топширилган қуроллар “жанг майдонида” ва “Украина ҳудудида” қўлланилиши кераклигини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Украина Россия ҳудудига зарба бериш учун Британия қуролларидан фойдаланиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Конгресси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг