Украина ўз ҳудудидан ташқаридаги нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга – Столтенберг
Олам
−
27 Май
7809НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бутун дунё ҳукуматлари Украинанинг Россия ичидаги рус қўшинларига ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиши кераклигини ва бу чекловлар Украина қўшинларининг ўз мамлакатини ҳимоя қилиш қобилиятини пасайтираётганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 27 май куни Болгарияга ташрифи чоғида сўз очди.
Столтенберг Россиянинг 2022 йил бошида бошланган Украинага кенг кўламли бостириб кириши халқаро ҳуқуқни бузиш эканлигини ва Украина ўзини ҳимоя қилиш, жумладан “Украина ташқарисидаги қонуний нишонларга” зарба бериш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. Мисол тариқасида Столтенберг Харьков вилоятидаги вазиятни келтирди.
“Россия қўшинлари Россия ҳудудида бўлиб, чегаранинг нариги томонида жойлашган Украина ҳудудига ҳужум қилмоқда. Олдинги чизиқ кўп жиҳатдан чегара чизиғи. Агар сиз Россия қўшинларига чегаранинг нариги томонида бўлгани учун ҳужум қилолмасангиз, у ҳолда сиз Украина кучларининг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини сезиларли даражада камайтирасиз”, дейди НАТО Бош котиби.
Столтенберг НАТО можаро тарафи эмаслигини яна бир бор таъкидлаб, айни пайтда альянс иттифоқчилари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беришга ҳақли эканини эслатди.
НАТО Бош котибининг сўзлари Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ каби давлатларнинг Украинага Вашингтон томонидан тақдим этилган қуроллардан Россия ичидаги нишонларга зарба беришни тақиқловчи сиёсатига ишора қилиб, Киев ҳамкорларини Россияга қарши фаол мудофаани қўллаб-қувватлашга чақирганидан бир неча соат ўтиб янгради.
“Биз рус қўшинлари тўпланган ҳар бир нуқтани кўрамиз. Биз Россия ракеталари учирилган ва жанговар самолётлар учадиган барча ҳудудларни биламиз”, деди Зеленский.
Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер Қўшма Штатлар Украина чегараларидан ташқарида бундай зарбаларга ёрдам бермаслиги, лекин Украина бошқа давлатлар томонидан етказиб бериладиган қуроллар бўйича ўзи қарор қабул қилишини айтди.
“Украина суверен давлатдир ва бошқа мамлакатлардан сотиб олган ёки ўзи ишлаб чиқарган қуроллардан, масалан, ўзи ишлаб чиқарадиган баъзи дронлардан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилиши керак бўлади ва уларнинг қандай фойдаланаётганини кўрдингиз”, деган Миллер.
“Америка овози”нинг Киев разведкасидаги аноним манбага таяниб ёзишича, кеча, 26 май куни Украина учувчисиз самолёти Россия ичкарисида узоқ масофали радарга зарба берган. Зарба Украинанинг ҳарбий фаолиятини кузатиш учун Москва томонидан қўлланилаётган инфратузилмага бир ҳафта ичида берилган иккинчи зарба бўлди. Манбага кўра, ҳужум Оренбург вилоятидаги Орск яқинидаги “Воронеж-М” радарига энг яқин Украина ҳудудидан 1500 км узоқликда бўлган.
Манба ҳеч қандай зарар ёки йўқотишлар ҳақида маълумот бермаган. Қандай бўлмасин, бу 2022 йил февраль ойида Москва Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Россия ҳудуди ичида дронлардан фойдаланишга уринишлардан биридир.
Эслатиб ўтамиз, Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 2 май куни Киевга сафари чоғида Украина Россия ҳудудига зарба бериш учун Британия қуролларидан фойдаланиши мумкинлигини айтганди. АҚШда эса бир гуруҳ қонунчилар Президент Жо Байден маъмуриятидан Украинага Россия ҳудудига Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар беришга рухсат беришни талаб қилди. 22 май куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари Майкл Маккол АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни Киевга Россия ҳудудига Америка қуроллари билан зарба бериш тақиқини бекор қилишга чақириб, унга АҚШ томонидан тақдим этилган ATACMS ракеталари билан қопланиши мумкин бўлган Россия ҳудуди харитасини кўрсатди. “The New York Times” эса Блинкен ўтган ҳафтадаги Киевга "кутилмаган ташриф"идан сўнг Американинг Россия ҳудудига қуролли зарбаларини тақиқлаш масаласи бўйича ўз позициясини ўзгартириб, Оқ уйга Россияга қарши зарба бериш тақиқини бекор қилишни таклиф қилганини ёзди. Франция ядро каллагини олиб юра оладиган ракетанинг илк синовини амалга оширди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь