Эрон ядровий иншоотлар ҳимоясини кучайтирмоқда – ОАВ

Олам

−

image

Эрон жорий йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган оралиқ Конгресс сайловларидан кейин АҚШ билан урушнинг қайта бошланишини кутмоқда. Бу ҳақда “Wall Street Journal” нашри хабар берди.

Нашрнинг хабар беришича, Эрон режими асосан ўзининг ядровий иншоотларини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Пикакс тоғи ва Натанз ядровий марказлари яқинида мудофаа истеҳкомлари, тупроқ деворлари қурилган. Агар АҚШ ҳарбийлари қуруқликдан операция бошласа, мамлакат қўшинлари бу истеҳкомлар орқали ядровий иншоотларни ҳимоя қилади.

Ушбу истеҳкомларнинг қурилиши Фан ва халқаро хавфсизлик институти томонидан таҳлил қилинган сунъий йўлдош тасвирларида аниқланган.

Шунингдек, АҚШ Яқин Шарққа “USS Theodore Ruzvelt” авиаташувчиси бошчилигидаги денгиз пиёдалари бўлинмаси ва авиаташувчи зарба бериш гуруҳи жойлаштирилмоқда. Бу орқали Американинг минтақадаги ҳарбийлари сони ноябрь ойига қадар 10 000 аскарга оширилиши режалаштирилган. Бу эса Ислом давлати учун жиддий белги бўлиши мумкин.

Эрон ҳимояланиш билан бирга қарши ҳужумга ҳам тайёрланмоқда. Саудия Арабистонининг нефть иншоотлари Эрон ҳужумларининг асосий нишони бўлиши мумкин.Аввалроқ, Ар-Риёддаги Халқаро аэропорт Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар томонидан ҳужумга учраган эди. Аэропорт терминалига снаряд бориб урилиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлган.

Хабарларга кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳозирда хавфсизлик нуқтаи назаридан бункерлар билан қаттиқ қўриқланадиган иншоотларда тургани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан бўлаётган урушни оралиқ Конгресс сайловларидан кейин дарҳол тугаши ҳақида айтган эди.

Жўраев Шаҳриёр


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг