Эрон Суриянинг янги ҳокимиятини тан олади – Ароқчи

Олам

image

Эрон Суриянинг ҳозирги ҳукуматига қарши эмас ва керак бўлса инклюзив ҳукумат тузишда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 19 апрель куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи RT телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Ароқчига кўра, Эрон ҳозирги Сурия вакиллари билан ҳозирча ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган.

“Биз Суриянинг янги ҳукуматига қарши эмасмиз ва унга қарши ҳеч қандай чора кўрмаймиз”, деган Ташқи ишлар вазири.

Ароқчининг қўшимча қилишича, агар Сурия Эрондан ёрдам сўраса, мамлакат тинчлик ўрнатиш ва қонуний ҳамда инклюзив ҳукуматни шакллантириш йўлида ҳар доим ёрдам беришга тайёр.

Эрон вазирининг сўзларига кўра, у Россия вакиллари билан учрашув чоғида Сурия масаласини ҳам муҳокама қилган.

“Эрон ҳам, Россия ҳам Суриядаги вазиятдан жуда хавотирда, иккала томон ҳам минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор”, деган вазир.

Маълумот учун, жорий йилннг 17 апрель куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Эрон томонидан эса Эроннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Козим Жалолий иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) жорий йилнинг 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди.  3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга  миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди.
Кейинчалик Франция Президенти Эммануэль Макрон телефон суҳбати якунида Аҳмад аш-Шарани Парижга таклиф қилди. 12 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин ҳам Суриянинг ўтиш даври президенти билан телефон орқали суҳбатлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Эрон Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг