Эрон намойишчиларни бостиряпти

Олам

image

Эрон расмийлари АҚШ томонидан ҳарбий ҳужум уюштирилган тақдирда, минтақадаги қўшни давлатларда жойлашган Америка ҳарбий базалари нишонга олиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Теҳрон Саудия Арабистони, БАА ва Туркияни бу бўйича олдиндан хабардор қилган. Бу ҳақда HRANA хабар берди.

Қайд этилишича, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф ўртасидаги тўғридан тўғри алоқалар тўхтатилган.

АҚШда жойлашган HRANA инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи ҳозиргача 2 403 нафар намойишчи ва 147 нафар ҳукуматга алоқадор шахс ҳалок бўлганини маълум қилди. Эрон расмийси эса 13 январь куни қурбонлар сони тахминан 2 минг кишини ташкил этишини айтди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро бу воқеаларни “Эроннинг замонавий тарихидаги энг шафқатсиз репрессия” деб атаб, у зудлик билан тўхтатилиши кераклигини билдирди. 

Ғарб расмийларидан бири Эрон ҳукумати ҳозирча қулаш арафасида эмасдек кўринаётганини, хавфсизлик аппарати эса вазиятни назорат остида ушлаб турганини айтди. Шу билан бирга, мамлакатда бостириш чоралари кўрилгандан кейин бироз тинчлик тиклагани, бироқ бу тинчлик мажбуран таъминланганини қўшимча қилинди. 

Исроил ҳукумати вакилининг айтишича, кеча, 13 январь куни кечқурун Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг хавфсизлик кабинетига Эрон режимининг қулаши ёки АҚШ аралашуви эҳтимоли ҳақида маълумот берилган. 

Давлат ОАВларига кўра, Эроннинг олий хавфсизлик органи раҳбари Али Ларижоний Қатар Ташқи ишлар вазири билан, Аббос Ароқчи эса БАА ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари билан музокаралар олиб борган. Хабарларга кўра, Ароқчи БАА Ташқи ишлар вазири Шайх Абдуллоҳ бин Зайдга мамлакатда вазият барқарорлашганини ва Эрон ўз суверенитети ҳамда хавфсизлигини ҳар қандай хорижий аралашувдан ҳимоя қилишга қатъий қарор қилганини билдирган.

Ҳибсга олинган намойишчилар сақланаётган Теҳрон қамоқхонасига ташриф буюрган Эрон бош судьяси зўравонликка қўл урган шахсларни тезкор суд қилиш ва жазолаш муҳимлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, “одамларни ўлдирган ёки тириклайин ёқиб юборганлар” қатъий жазоланиши керак.

HRANA маълумотига кўра, ҳозиргача 18 137 киши ҳибсга олинган. Эрон курдлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Hengaw ташкилоти эса Караж шаҳридаги норозилик намойишлари ортидан ҳибсга олинган 26 ёшли Эрфан Султоний бугун, 14 январь куни ўлимга ҳукм қилингани ҳақида хабар берган. Бироқ ҳукм ижро этилгани ёки инкор бўлгани маълум.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон намойишчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг