Эрон Грециянинг икки танкерини қўлга олди

Олам

image

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК, Эрон Қуролли кучларининг сара бўлинмаси) кучлари Форс кўрфази сувларида икки юнон танкерини қўлга олди. Бу ҳақда кеча, 27 май куни IRNA агентлиги тузилма матбуот хизматига таяниб хабар берди. 

Греция Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг икки кемани қўлга олишини кескин қоралади. Бу ҳақда ТИВ тарқатган баёнотда айтилади.

“Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиаснинг кўрсатмаси билан ТИВ Бош котиби Фемистоклис Демирис ҳозиргина Эроннинг Афинадаги элчисига Форс кўрфазида Греция байроғи остидаги иккита кеманинг зўрлик билан тортиб олиниши юзасидан кескин норозилик билдирди. Юқоридаги ҳаракатлар моҳиятан қароқчиликка тенг”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Бош котиб халқаро ҳуқуқ ва халқаро навигациянинг асосий нормаларига зид бўлган бу хатти-ҳаракатларни кескин қоралаган.

“У кемалар ва уларнинг экипажларини зудлик билан озод қилишга чақирди. Шунингдек, у бу ҳаракатлар икки томонлама муносабатларга, шунингдек, ЕИ ва Эрон муносабатларига айниқса салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади”, дейилади ТИВ хабарида.

Маълумотларга кўра, кеча тонгда Эрон Ҳарбий-денгиз кучларининг вертолёти Форс кўрфазидаги халқаро сувларда (Эрон қирғоқларидан 22 денгиз мили узоқликда) бўлган Греция байроғи остидаги “Delta Poseidon” кемасига қўнган. Кейин қуролланган шахслар кема экипажини, жумладан икки Греция фуқаросини қўлга олган. Шунга ўхшаш ҳодиса Эрон қирғоқлари яқинида сузиб юрган етти нафар грециялик бўлган яна бир Греция байроғи остидаги кемада содир бўлгани хабар қилинган. Ушбу кеманинг номи келтирилмаган.

Ташқи ишлар вазирлиги аллақачон Европа ташқи ҳаракатлар хизмати, Халқаро денгиз ташкилоти, шунингдек, Греция иттифоқчилари ва ҳамкорларини хабардор қилган. 

“Юқорида айтилганларни ҳисобга олган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлиги Греция фуқароларига Эронга саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия қилади. Греция байроғини кўтараётган кемалар Греция денгиз флоти ва орол сиёсати вазирлигининг кўрсатмаларига риоя қилишга чақирилади”, дея хулоса қилган вазирлик.

Бундан олдин “Nournews” Эрон ҳукумати нефть олиб кетаётган танкерини ҳибсга олгани учун Грецияга қарши жавоб чораларини кўришга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди.

Пайшанба куни Греция денгиз ва орол сиёсати вазирлиги матбуот хизмати ТАСС агентлигининг Афинадаги мухбирига Россия байроғи остидаги Lana танкери орқали олиб ўтилган Эрон нефтини АҚШга беришга қарор қилинган ҳақида маълумот берган. Танкер апрель ойи ўрталарида Грецияда қўлга олинган ва у 115 минг тонна хомашёни олиб кетаётган бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

танкер

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг