Қозоғистон нефти ортилган танкерлар Украина ҳужумига учради

Олам

image

Кеча, 19 июль куни Қора денгиз акваториясидаги Каспий қувур консорциуми (КТК) денгиз терминалида юклаш операциялари амалга оширилаётган вақтда Қозоғистонда қазиб олинган нефтни юклаётган иккита танкер – ASIA ва NISSOS IOS Украина дронлари ҳужумига учради. Танкерлар бортида халқаро экипажлар бўлган. Ушбу воқеа юзасидан Қозоғистон Энергетика ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари баёнот берди.

Қайд этилишича, ҳужум оқибатида кемаларда ёнғин келиб чиққан ва у тезкорлик билан ўчирилган. Қозоғистон Энергетика вазирлиги хабарига кўра, кемаларга қилинган ҳужумлар оқибатида жабрланганлар йўқ. Масофавий причал қурилмалари (ВПУ-1 ва ВПУ-3) шикастланмаган. Акваторияга нефть тўкилишига йўл қўйилмаган.

“Ҳозирги вақтда ҳодиса оқибатларини баҳолаш якунлангунга қадар терминалда нефть юклаш вақтинча тўхтатилди. Нефть жўнатиш қайта тикланиши ҳақидаги қўшимча маълумотлар ишнинг боришига қараб тақдим этилади.

Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги муҳим энергетика инфратузилмасининг соф фуқаролик объектларига нисбатан бундай ҳужумларни мутлақо қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблайди.

Халқаро энергетика инфратузилмаси объектларига ҳар қандай куч ишлатиш глобал энергетика хавфсизлигига хавф туғдиради, энергия ресурсларининг узлуксиз халқаро савдоси механизмларини бузади ва лойиҳа иштирокчиларининг иқтисодий манфаатларига жиддий зарар етказади”, дейилади Қозоғистон Энергетика вазирлиги баёнотида.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам дронлар ҳужумини кескин қоралаган.

“Бу каби ҳужумларни Қозоғистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига йўл қўйиб бўлмайдиган тажовуз, шунингдек, қонуний халқаро савдони, жаҳон энергия бозорларини ва глобал транспорт-логистика таъминот занжирлари хавфсизлигини беқарорлаштиришга қаратилган мақсадли ҳаракатлар деб баҳолаймиз.

КТК терминалларида нефть юклаш мақсадида Қора денгиз акваториясига кирадиган фуқаролик кемалари тўғрисида илгари барча манфаатдор томонлар томонидан келишилган маълумот алмашиш механизмининг қасддан эътиборсиз қолдирилгани ва бу фуқаролик кемалари экипажларининг ҳаёти ҳамда хавфсизлигини хавф остига қўйгани бизда алоҳида хавотир уйғотмоқда”, дейилади ТИВ баёнотида.

Баёнотда қайд этилишича, Қозоғистон “ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни ва Қозоғистон углеводород хомашёси экспорти инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар томонлама чоралар кўришни талаб қилади”.

“Шерик мамлакатларни ушбу ҳужумларни кескин қоралашга чақирамиз ва барча манфаатдор томонларни амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга таклиф этамиз. Биз фақат халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишгина бу каби ҳодисалар такрорланишининг олдини олишга имкон беради, деган фикрдан келиб чиқамиз.

Ҳозирги вақтда Қозоғистон Республикаси етказилган зарарни ҳар томонлама баҳолаш ишларини олиб бормоқда. Унинг натижаларига кўра, Қозоғистон ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун халқаро ҳуқуқда назарда тутилган барча механизмлардан фойдаланиш, жумладан, етказилган зарарни қоплаш талабларини илгари суриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Қозоғистон Республикаси можароларни тинч йўл билан ҳал этишнинг муқобили йўқлигини таъкидлайди, халқаро ҳуқуқ тамойилларига, кема қатнови эркинлигига ҳамда халқаро транспорт-логистика ва энергетика йўналишларининг ишончли фаолият юритишини таъминлашга содиқлигини тасдиқлайди”, дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотининг давомида.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг 13 январида Қора денгизда дронлар Каспий қувур консорциумининг денгиз терминали томон ҳаракатланаётган учта Қозоғистон танкерига ҳужум қилган эди. Ўшанда ҳам Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала юзасидан баёнот билан чиққанди.  


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг