Эри томонидан аёвсиз калтакланган аёл масаласи Сенат назоратига олинди
Жамият
−
08 Сентябрь 2020
8539Жорий йилнинг 20 август куни ижтимоий тармоқларда самарқандлик 35 яшар Ш. ўзи яшаётган хонадонида турмуш ўртоғи М.ни аёвсиз калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Орадан кўп ўтмай, у Тошкентда қўлга олинди. Айни вақтда ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан назоратга олинган.
Сенатдан хабар қилишларича, Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан бугунги кунда М.га ҳимоя ордери берилган ва махсус марказга фарзандлари билан бирга жойлаштирилган. Қолаверса, марказда малакали психологлар жалб қилиниб, психологик ёрдам берилаяпти, шунингдек, М. тўлиқ тиббий кўрикдан ҳам ўтказилган. Барча зарур дори воситалари олиб берилиб, соғлиғини тиклаши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирги кунда жабрланувчи мазкур махсус марказда 2 нафар фарзанди билан яшаб келмоқда.
Бундан ташқари, М. ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирда унинг турмуш ўртоғи Ш. га нисбатан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.
Жабрланувчи аёл Самарқанд шаҳар Термиз кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган М. эканлиги маълум бўлган. М. турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган Ш. билан 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда ФХДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган. Ўрталаридаги оилавий келишмовчиликлари сабабли эр хотинини қийноққа солиб, калтаклаб келган.