Самарқандда хотинини аёвсиз калтаклаган эрга нисбатан жиноий иш очилди
Жамият
−
24 Август 2020
22170Ижтимоий тармоқларда эркак турмуш ўртоғини аёвсиз тарзда калтаклаётгани, аёлни тўғри келган жойига тепгани акс этган видео тарқалди. Видеодаги изоҳда, аёл бир неча йиллардан бери ҳаммадан қолган овқатларни ейиши ва хўрлаб келиниши айтилган. Ушбу ҳолатга Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Aниқланишича, жабрланувчи аёл Самарқанд шаҳар Термиз кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган М. эканлиги маълум бўлган. М. турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган Ш. билан 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда ФХДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган. Ўрталаридаги оилавий келишмовчиликлари сабабли эр хотинини қийноққа солиб, калтаклаб келган.
Жорий йилнинг 20 август куни М.нинг турмуш ўртоғи Ш. сабабсиз, турли баҳоналар билан яшаётган уйида уни аёвсиз уриб, оёқлари билан турли жойларига тепиб, тан жароҳати етказган.
“Ҳозирда М. ва унинг икки нафар фарзандлари Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан ҳимояга олиниб, ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан “Ҳимоя ордери” берилиб, малакали психологларни жалб қилган ҳолда фарзандлари ва ўзига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.
Aёлни калтаклаган эркакка эса, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида эр аёлини уйга киритмай, ҳайдаётгани акс этган видео тарқалганди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси