Эрдўған ва Макрон Ливанга биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўзди
Олам
−
05 Август 2020
7709Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Байрут фожиасидан сўнг биринчи бўлиб Ливанни дастаклаб, ушбу мамлакатга ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканларини билдирдилар.
Ражаб Тойиб Эрдўған Ливан Президенти Мишель Наим Аун билан телефон орқали мулоқот қилиб, Байрутда содир бўлган портлашда вафот этганларнинг оилаларига таъзия билдирди, жароҳатланганларга соғлик тилади.
Фожиадан чексиз қайғуда эканини ифода этган Эрдўған, ҳар қандай масалада Ливан ва унинг халқига ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканини маълум қилган.
Бундан ташқари, Эрдўған Twitter’даги расмий саҳифасида араб тилида қуйидагиларни ёзиб қолдирди:
“Байрутдаги портлашда вафот этганларнинг қариндошлари ва яқинларига таъзия билдириб, уларга Аллоҳдан сабр ва матонат, жароҳатланганларга эса шифо тилайман. Туркия ўлароқ бизлар доим Ливан ва ливанлик қардошларимизнинг ёнида турамиз”.
Франция эса Ливанга аллақачон шифокорлар ва тиббий жиҳозларни юбориб, фожиа оқибатларини бартараф этишда кўмаклашишга киришди. Мамлакат Президенти Эммануэль Макрон Twitter’даги расмий саҳифасида шундай ёзади:
“Биз Ливанга фуқаро мудофааси отрядини ва бир неча тонна тиббий буюмларни юборяпмиз. Тез ёрдам шифокорлари шифохоналарда ёрдам бериш учун имкон қадар тезроқ Байрутга етиб борадилар”.
Шунингдек, бироз аввал АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Ливанга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилиб, портлаш офатдан кўра, бомба ҳужумига ўхшашини айтиб чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 август куни Ливан пойтахти Байрутда порт ҳудудида вайронкор портлаш юз берди. Унинг кўлам шу қадар улкан эдики, гувоҳлар портлашни атом бомбасига қиёслади. Сейсмологлар эса портлаш 4,5 балл зилзила билан тенг кучда бўлганини айтди. Портлаш оқибатида вафот этганлар 100 нафардан ошди, жароҳатланганлар эса 4 минг нафардан зиёд.
Ливан Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, портда аммиакли селитра портлаган.
“Al Mayadeen” телеканали куч ишлатиш тизимидаги манбасига таяниб хабар беришича, "тўққиз йил аввал кемалардан биридан мусодара қилинган ҳамда қайта ишлаш ёки йўқ қилиш учун портдаги омборда сақланган портловчи моддалар портлаган.
Портлаш билан боғлиқ яна бир тахмин портда пиротехника воситалари портлаган. Аммо фожианинг кўлами ва вайронкорлигини ҳисобга олганда биргина пиротехника бундай фалокатга сабаб бўлиши имконсиздек кўриняпти.