Эрдўған Ливияга ҳарбий юбориш бошланганини маълум қилди

Олам 2566
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ливияга ҳарбийлар жўнатиш бошланганини маълум қилди. Бундан бирнеча кун аввал парламент ҳарбийлар юборишга розилик берганди.

“Бизнинг аскарларимизнинг мажбурияти – мувофиқлаштириш. Улар тезкор ҳаракат марказни ривожлантиради. Аскарларимиз секин аста кетяпти”, деган Эрдўған CNN Turk телеканали эфирида.

Аскарлар Ливия пойтахти Триполида жойлашган Фаиз Саррож раҳбарлигидаги Миллий бирдамлик ҳукуматига (МБК) ёрдам беради. Шунингдек, юқори мартабали турк ҳарбийлари Ливиядаги ҳарбий кучларни мувофиқлаштиради ва жойларда машғулотлар ўтказади.

Маълумот учун, бугунги кунда генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси Триполини эгаллаш учун жанг олиб боряпти. Турли маълумотларга кўра, уларни Россия қўллаб-қувватлаяпти. Эрдўған Ливияда “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг 2,5 минг нафар аскари ЛМА тарафда фаолият олиб бораётганини таъкидлаганди.

Ливиядаги вазият

2011 йилда Ливияда Муаммар Қаззофи ҳокимияти ағдарилиб, ўзи ўлдирилгач мамлакатда сиёсий инқироз бошланган. Ливияда ҳозиргача қўшҳокимиятчилик ҳукм суради.

Шарқда сайланган парламент ҳокимияти ўрнатилган бўлса, Триполи ва ғарбни БМТ ҳамда Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошлиқ Миллий бирдамлик ҳукумати бошқаради.

Шарқдаги ҳукмрон доиралар расмий Триполидан мустақил ва ЛМА қўмондони Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Халифа Ҳафтар жангарилар билан энг узоқ давом этган урушга бошчилик қиляпти.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 2.9
t
×