Эрдўған Швецияни “кўчаларида террорчилар кезиб юрган давлат” деб атади

Олам

image

Туркия террорчиларни қўллаб-қувватлагани учун Швециянинг НАТОга киришини ҳали ҳам тасдиқлай олмайди. Бу ҳақда бугун, 7 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулдаги чиқиши чоғида айтиб ўтди. 

“Биз НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатини қўллаб-қувватладик. Финляндиянинг аъзолигини маъқулладик. Лекин террорчиларни олқишлаганларни маъқуллай олмаймиз. Швеция ўз мажбуриятларини бажаришини кутамиз”, дейди у. 

Эрдўған НАТОнинг Вильнюсдаги саммитида Швециянинг иттифоққа кириши билан боғлиқ муаммоларни шериклари билан муҳокама қилиш ниятида эканини маълум қилди. 

“Бизга маслаҳат берганлар, аввало, бу саволларга очиқчасига жавоб беришлари керак: кўчаларида террористлар кезиб юрган давлатга Туркия қандай ишониши мумкин? Террор ташкилотларидан узоқлашмаган давлат НАТОга қандай ҳисса қўшиши мумкин? Мадридда мамлакатимизга берилган ваъдаларни кутамиз. Биз сешанба (11 июль) куни Вильнюсда бўлиб ўтадиган [НАТО] саммитида бу масалаларнинг барчасини иттифоқдош ҳамкорларимиз эътиборига ҳавола қиламиз. Мамлакатимиз, халқимиз ва хавфсизлигимиз учун энг яхши ечим нима бўлса, ўша қадамни қўямиз”, дейди Туркия раҳбари. 

Маълумот учун, Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия Швеция ва Финляндияга PKK ва PYD террорчи деб эълон қилишни ҳамда 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнини блоклаган. 2022 йилги НАТО саммити олдидан ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасида икки шимолий давлат қилиши керак бўлган аниқ қадамлар рўйхатини ўз ичига олган меморандум имзоланган. 

Бу орада Финляндия жорий йилнинг 4 апрель куниёқ НАТО сафига расман қабул қилинди. Швеция эса мамлакатда Қуръон ва Туркия байроғининг ёқилиши билан боғлиқ акциялар ҳамда Туркия талабларининг бажарилмаслиги важидан ташкилотга қўшила олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ альянс раҳбари Швеция НАТОга Вильнюс саммитида қўшилолмаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Ражаб Тойиб Эрдўған Швеция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг