Туркий дунё оиласида тарқоқлик ва келишмовчиликларга ўрин йўқ – Эрдўған
World
−
17:55 818 4 minutes
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған туркий дунёда тарқоқлик, бегоналашув ва келишмовчиликларга ўрин йўқлигини айтиб, халқлар ўртасидаги бирлик ва қардошлик ришталарини алоҳида қайд этди. Бу ҳақда Туркия етакчиси бугун, 30 октябрь куни Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 13-саммити доирасидаги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида гапирди.
“Кеча ва бугун олинган оилавий сурат умумий ўтмишимизга бўлган садоқатимиз, шунингдек, умумий келажагимизни биргаликда барпо этиш борасидаги қатъиятимиз рамзига айланди”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўған ўз нутқида Туркия ТДТга раислик қилиш даврида ташкилот томонидан тўпланган институционал салоҳиятни янада аниқ ютуқларга айлантириш ниятида эканини билдирган.
“Туркий дунёнинг оилавий даврасида тарқоқлик, бегоналашув ва келишмовчиликларга ўрин йўқ. Барчамиз бирмиз, биргамиз ва, Иншооллоҳ, азалдан абадгача қардош бўлиб қоламиз”, дейди Эрдўған.
У ТДТ Шимолий Кипр Турк Республикаси билан алоқаларни кенгайтиришига ишонч билдирган.
“Тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурадиган Жанубий Кавказ ҳам минтақа мамлакатлари, ҳам бутун туркий дунё учун салмоқли имкониятларни очади”, дейди Туркия раҳбари.
Бундан ташқари, Туркия етакчиси Туркманистоннинг тез орада ТДТга аъзо бўлиб киришига умид билдирган.
“Биродарим Сердарнинг [Бердимуҳамедов – таҳр.] динамик раҳбарлиги остида Туркманистон энг қисқа фурсатларда оилавий кенгашимизнинг тўлақонли аъзосига айланади, деб умид қиламиз”, дейди Президент.
Эрдўған Форс кўрфази минтақасидаги вазиятга тўхталар экан, келишмовчиликлар дипломатия йўли билан ҳал этилиши кераклигини таъкидлаган.
“Сўнгги вақтларда Эрон билан муносабатларда қайта кескинлашган таранглик қурол ёрдамида эмас, балки дипломатик йўл билан ҳал этилишига умид қиламиз”, дейди у.
Шунингдек, Эрдўған туркий давлатлар “қонаётган жароҳат” бўлиб қолаётган Фаластин масаласини адолатли ҳал этиш учун кўпроқ саъй-ҳаракат қилишлари кераклигини билдирган.
“Биз Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни таъминлаш ва қайта тиклаш ишларини имкон қадар тезроқ бошлашга зарур ҳиссамизни қўшишимиз керак”, дея қайд этган Туркия етакчиси.
Эрдўған Туркий давлатларнинг икки томонлама муносабатларига тўхталар экан, ТДТга аъзо ҳар бир мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, ўзаро манфаатдорлик тамойили асосида умумий манфаатларни мустаҳкамлашга интилиш зарурлигини айтган.
“Ўтмишимиз ҳам, келажагимиз ҳам, қийинчиликларимиз ҳам, муваффақиятларимиз ҳам муштаракдир”, дейди у.
Эрдўғаннинг айтишича, ТДТ мамлакатларининг куч-қудрати туркий дунёни шарқдан ғарбгача чўзилган қудратли савдо, транспорт ва энергетика марказига айлантиришга қодир.
“Шарқ – Ғарб Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (Ўрта коридор) келажак савдоси йўналишини белгилаб берадиган стратегик йўналишдир”, дея қўшимча қилган Туркия етакчиси.
Қайд этиш жоиз, сўнгги вақтларда Баку ва Анқара ўртасидаги муносабатларда муайян совуқлик кузатилмоқда. Озарбайжон Вазирлар Маҳкамаси сентябрь ойида давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиришлар киритди. Янги қоидалар ўқувчиларга ягона форма стандартини бузадиган ёки таълимнинг дунёвий хусусиятига мос келмайдиган кийим элементларини кийишни тақиқлайди.
Ушбу қарорга жавобан Туркия ҳукмрон партиясининг бир қатор вакиллари Баку шаънига кескин баёнотлар билан чиқди ва ушбу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.
Ўз навбатида, Озарбайжоннинг ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси (YAP) Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) вакилларини Баку ва Анқара муносабатларига зарар етказиши мумкин бўлган баёнот ва ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Баку Туркия ҳукмрон доираларининг ҳаракатларини Озарбайжоннинг ички ишларига аралашув сифатида баҳоламоқда.
Бундан ташқари, Озарбайжон Бош прокуратураси ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга ва диний адоватни қўзғатишга даъват қилгани учун Туркиянинг саккиз нафар фуқаросини халқаро қидирувга берди.
Озарбайжон ТИВ ўз навбатида Туркиянинг 31 нафар фуқаросини “номақбул шахслар” рўйхатига киритди ва уларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади. Ушбу шахсларнинг ижтимоий тармоқлар ва интернет-платформаларда Озарбайжон суверенитети, миллий хавфсизлиги, конституциявий тузуми, халқи ва раҳбариятига қарши қаратилган баёнотлари бунга асос бўлди. Бундан ташқари, уларнинг чиқишларида ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга ва радикализм заминида диний адоватни қўзғатишга даъватлар мавжуд бўлган. “Номақбул шахслар” рўйхатига журналистлар, блогерлар, турли телеканаллар бошловчилари, сиёсатшунослар, сиёсатчилар ва иқтисодчилар киритилган.
Муносабатлардаги ушбу совуқлашув фонида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этмади.
Live
All