Энди телефон рақами орқали пул юборса бўлади
Жамият
−
13:26 1267 1 дақиқа
Эндиликда маблағ юборишда банк ҳисоб рақами ёки пластик карта реквизитларини киритиш шарт бўлмайди, бунинг учун олувчининг мобиль телефон рақамини кўрсатишнинг ўзи кифоя қилади. Бу ҳақда Марказий банкнинг жорий йилнинг 24 август куни 3930-сон билан Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида мобиль телефон рақами асосида пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидаларида белгиланди.
Янги тартибга кўра, аввало фойдаланувчининг мобиль телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланади. Шундан сўнг, бошқа шахсга пул юборишда унинг банк ҳисобварағи ёки пластик картаси реквизитларини киритиш талаб этилмайди.
Пул ўтказмасини тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига маблағ олувчининг Ф.И.О., банки ва воситачилик ҳақи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Шунингдек, ўтказмалар 24/7 режимида ва реал вақт режимида амалга оширилади.
Тизим ахборот ва киберхавфсизлик ҳамда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича белгиланган талаблар асосида ишлайди. Фойдаланувчи телефон рақамини ўз банк ҳисобварағига боғлашни исталган вақтда бекор қилиши мумкин. Бир банк доирасида эса битта мобиль телефон рақамини фақат битта банк ҳисобварағига боғлашга рухсат этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда нақд пулсиз тўловлар инфратузилмаси кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, муомаладаги банк карталари сони 75,7 миллион донага етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси