Энди мактабда олинган баҳолар абитуриентлар баллига қўшилмайди
Жамият
−
22 Июль 6449 1 дақиқа
Энди мактабда сўнгги 6 йилликда олинган ўртача баҳолар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида инобатга олинмайди. Бу ҳақда жорий йилнинг 19 июль куни қабул қилинган Президент фармонида сўз боради.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги “Олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига қўйилган баҳоларини инобатга олиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотиши белгиланган.
2021 йилги қарорга кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб абитуриентларнинг шаҳодатномаларидаги сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ўқишга киришда инобатга олиниши ва тўпланган баллга ўртача баҳо қўшиб берилиши керак эди.
19 июлдаги фармон билан эса 2021 йилги ушбу қарор батамом бекор қилиниб, шаҳодатномадаги баҳолар имтиҳонда инобатга олинмайдиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025/2026 ўқув йили ва келгуси 3 ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.