Бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича давлат гранти тасдиқланди
Жамият
−
19 Июль 4307 2 дақиқа
2025/2026 ўқув йили ва келгуси 3 ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланди. Бу кеча, 18 июль куни қабул қилинган “Давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармойишида белгиланган.
Давлат буюртмаси параметрлари бакалавриат босқичига кундузги таълим шакли бўйича қуйидагича:
- 2025/2026 ўқув йили учун – 35 500 та;
- 2026/2027 ўқув йили учун – 36 023 та;
- 2027/2028 ўқув йили учун – 36 460 та;
- 2028/2029 ўқув йили учун – 36 761 та.
магистратура босқичига кундузги таълим шакли бўйича эса қуйидагича:
- 2025/2026 ўқув йили учун – 9 922 та;
- 2026/2027 ўқув йили учун – 10 191 та;
- 2027/2028 ўқув йили учун – 10 477 та;
- 2028/2029 ўқув йили учун – 10 784 та.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қуйидагилар бўйича таклифларни Давлат комиссиясига тақдим этади:
- республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 1 320 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан;
- давлат олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та давлат грантининг таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти бўйича;
- Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар учун ажратилган 4 000 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан.
Маълумот учун, ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, грантга кирган талаба яхши ўқимаса, контрактга тушиши мумкин. Ёки аксинча, контрактга кирган талаба яхши ўқиса, грантга ўтиши мумкин. Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарорига асосан таълим грантини олувчи талабалар рўйхати ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь