Ўзбекистонда бир йиллик амалий магистратура жорий этилади
Жамият
−
11:05 393 2 дақиқа
Ўзбекистонда ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратура тизими жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг жорий йил 17 сентябрдаги 500-сон қарори билан олий таълим тизимида магистратура босқичида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб магистратура босқичида кадрлар:
ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган – камида 1 йил;
илмий-педагогик дастурга йўналтирилган – камида 2 йил муддатда тайёрланади.
Магистратурада таълим жараёни аниқ магистратура мутахассислиги ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклларида ташкил этилади.
Ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратура битирувчилари мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб:
- лойиҳа иши;
- конструкторлик лойиҳаси;
- стартап лойиҳаси;
- рационализаторлик ғояси;
- амалий-ижодий асар
- ва бошқа турдаги ишлардан бирини тайёрлаб, ҳимоя қилади.
Илмий-педагогик дастурга йўналтирилган магистратура битирувчилари томонидан магистрлик диссертацияси тайёрланади.
Диссертация дастлабки ҳимояга қадар плагиатга текширилади ва “яширин эксперт тақризи”дан ўтказилади.
Scopus ҳамда Web of Science маълумотлар базаларида бўлган журналларда мақола эълон қилган магистратура талабалари белгиланган тартибда рағбатлантириб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги магистратурада ўқиш давомийлигини мутахассисликларнинг хусусиятидан келиб чиқиб мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланган.
Билдирилишича, юқоридаги қоидалар Одил судлов академияси, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети ҳамда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Live
Барчаси