Энди қийноқ учун қамалганлар амнистияга тушмаслиги мумкин
Жамият
−
19 Январь 2021
7143Қийноқ жиноятини содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш каби институтларни қўллаш тўхтатилади. Бу ҳақда Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида айтилган.
Дастурда бу учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган. Лойиҳада:
• Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш, ушбу гуруҳлар фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ва мунтазам ёритиш;
• Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимини йўлга қўйиш;
• Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар билан ўзаро муносабатда бўлиш қоидаларини белгилаш ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
• ҳаракатланиш эркинлиги чекланган (гауптвахтада ҳибсда сақлаш қўлланилган, маъмурий қамоққа олинган, жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган ва қамоққа олинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазоларга ҳукм қилинган, мажбурий даволаш муассасасига жойлаштирилган) шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш;
• ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноқнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шу жумладан бундай жойларга ҳар чоракда камида бир марта мониторинг ташрифларини амалга ошириш;
• қийноқ учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни халқаро конвенция талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек қийноқ жиноятини содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш институти қўлланилмаслигини белгилаш;
• Олий Мажлис палаталари ҳар йили Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб бориш тартибини белгилаш назарда тутилади.
Бажариш муддати – 2021 йил 1 март, ижро учун масъуллар – Олий Мажлис палаталари (келишув асосида) Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, вазирлик ва идоралар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь