Душанбедаги “блэкаут”нинг сабаби очиқланди 

Олам

image

Жорий йилнинг 1 март куни Тожикистон пойтахти Душанбеда электр таъминоти узилганининг сабаби республика юқори вольтли электр тармоқларидаги авария бўлиб чиқди. Бу ҳақда “Душанбе шаҳар тақсимлаш тармоқлари” ОАЖ вакили Парвиз Қутбиддинов “Душанбе” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, авария магистрал линияда содир бўлган, бу эса мамлакатнинг бутун электр энергетика тизимининг фаолияти тўхташига олиб келган.

“Фавқулодда вазият кучли совуқ ва қор ёғиши оқибатида электр энергияси истеъмолининг бир неча баробар ортиши сабаб содир бўлган. Оқибатда тизимдаги электр узатиш линиялари босимга бардош бера олмади, айрим ҳудудларда эса носоз ҳолатга келди”, дейди энергетик.

Қутбиддиновнинг таъкидлашича, авария оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатнинг энергия таъминотини тиклаш учун икки соатдан кўпроқ вақт кетган. Шунингдек, ушбу даврда электр энергияси йўқлиги пойтахтда иссиқлик таъминотининг тўхтатилишига сабаб бўлган, чунки иссиқ сув иситиш тизимига электр энергиясидан фойдаланган ҳолда ишлайдиган насос станциялари орқали етказиб берилади.

“Бундай ҳолатлар ҳар қандай давлатнинг энергетика тизимида, ҳатто дунёнинг ривожланган давлатлари тизимида ҳам ноодатий табиат ҳодисаларида юзага келади. Келажакда бундай ҳолат такрорланмаслиги учун энергетика соҳаси электр энергияси танқислиги даврида тежамкорлик билан фойдаланиш керак”, дейди Қутбиддинов. 

Шу билан бирга, у мамлакатда электр энергиясини истеъмол қилиш чегараси мавжудлигини қатъиян рад этди ва шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр энергиясининг даврий узилишларини тизимдаги босим ортиб бораётган шароитда инфратузилмани сақлаб қолиш учун зарур бўлган мажбурий чоралар эканини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни соат 11:10 да Тожикистоннинг деярли барча ҳудуди, жумладан, пойтахт электр таъминотисиз қолган эди. Бунинг ортидан сув, иситиш ва ҳатто алоқа узилиши ҳам кузатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Душанбе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг