Дунёда ҳар йили неча гектар ўрмон йўқолаётгани айтилди

Олам

image

Иқлим ўзгариши туфайли Ер юзидаги ўрмонлар жиддий хавф остида қолмоқда. Бу ҳақда БМТ Ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясига кирувчи мамлакатлар ҳудудида – Европа, Шимолий Америка, Кавказ ва Марказий Осиёда 1,76 миллиард гектардан ортиқ ўрмон мавжуд бўлиб, бу дунё ўрмонларининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Минтақада ўрмон майдони 60 миллион гектарга ошган бўлса-да (энг катта ўсиш Европа ва Марказий Осиёда қайд этилган), дунё бўйлаб тескари тенденция кузатилмоқда – ҳар йили қарийб 10,9 миллион гектар ўрмон йўқолмоқда.

Юқори ҳарорат туфайли ўрмон ёнғинлари ва қурғоқчиликнинг кўпайиши, намликнинг камайиши ва зараркунандалар босими сабабли танқидий ҳолат юзага келган. Масалан, 2021 йилда ўрмон ёнғинлари 12,6 миллион гектар ўрмонни йўқ қилган – бу Греция ҳудудига тенг майдон. Яна 73 миллион гектар ўрмон (Испания ва Португалия майдони йиғиндисига тенг) ҳашаротлар ва касалликлардан зарарланган.

“Бу тенденция сақланиб қолса, бугунги кунда кучли углерод ютувчиси бўлган ўрмонлар чиқиндилар манбаига айланиши мумкин, бу эса глобал иқлим мақсадларини хавф остига қўяди”, дея огоҳлантирмоқда мутахассислар.

Бразилиянинг Белин шаҳрида бўлиб ўтадиган иқлим саммити арафасида БМТ Европа Иқтисодий Комиссияси дунё етакчиларини ўрмонларни ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга чақирмоқда. Бунга ёнғинларнинг олдини олиш, зараркунандаларга қарши курашиш ва кенг кўламли ўрмон тиклаш ишлари киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Европа мамлакатлари тарихдаги энг даҳшатли ўрмон ёнғинлари мавсумини бошидан кечираётгани, йил бошидан буён Европа Иттифоқи ҳудудида 1 миллион гектардан ортиқ ўрмонлар ёнгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўрмон Иқлим ўзгариши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг