Европадаги 1 млн гектар ўрмон ёниб кетди
Олам
−
29 Август 2202 2 дақиқа
2025 йилда Европа мамлакатлари тарихдаги энг даҳшатли ўрмон ёнғинлари мавсумини бошидан кечирмоқда. Йил бошидан буён Европа Иттифоқи ҳудудида 1 миллион гектардан ортиқ ўрмонлар ёнди. Бу ҳақда статистикаларга таяниб, “Euronews” хабар берди.
Жорий йил Европада оловдан зарарланган ҳудуд ўтган йилги кўрсаткичдан тўрт баравар кўп ва бу деярли Ўртаер денгизидаги Корсика оролининг майдонига тенг. Ўрмонларда шу йилнинг ўзида 1800 дан ортиқ ёнғин қайд этилган, атмосферага эса 38 миллион тонна карбонат ангидрид гази чиқарилган.
Европа Иттифоқида жойлашган 27 мамлакатдан фақат Чехия, Эстония, Литва, Люксембург ва Мальта зарар кўрмаган. Энг кўп ёнғинлар Италия ва Руминияда кузатилган: жами 450 дан ортиқ ҳолат.
Энг йирик йўқотишларга учраган ҳудудларнинг бош қаторида Испания турибди. У ерда 400 минг гектардан кўпроқ, Португалияда эса 260 минг гектардан ошиқ (бу мамлакат ҳудудининг 3 фоизига яқин) майдон ёниб, кулга айланган.
Мутахассислар ёнғиннинг асосий сабаблари сифатида экстремал иссиқ ва узоқ давом этган қурғоқчиликни кўрсатмоқда. Иқлимнинг тез-тез ўзгариши оловнинг кенгроқ майдонга ёйилиши учун жуда ҳам қулай имконият яратмоқда. Бундай вазиятларда кичик учқун ҳам даҳшатли алангага айланиб кетиши мумкин.
Мутахассислар ёнғинларнинг янада кенг тарқалмаслиги учун бир қанча чоралар таклиф қилмоқда. Уларнинг фикрича, мунтазам равишда буталар, қуруқ ўсимликларни тозалаш ва чорва боқиш амалиётини йўлга қўйиш бу фожеаларни маълум миқдорда камайтириши мумкин.
Шунингдек, олимлар олов ўчирилгандан кейин ҳам унинг асоратлари қолишини таъкидлайди.
“Тутун ва у билан боғлиқ нафас олиш касалликлари одамлар саломатлигига хавф солишда давом этади”, дейди соҳа мутахассислари.
Шу тариқа, 2025 йил Европа тарихида ўрмон ёнғинлари сони ва кўлами бўйича аллақачон рекорд йил сифатида қайд этилди, ҳолбуки мавсум ҳали тугаганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испаниядаги ўрмон ёнғинлар кенг ҳудудга қулоч ёйгани ва оқибатда 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу минтақада ёнғинларга алоқадорликда гумон қилиниб, 37 киши қўлга олинган. Шу билан бирга, ёнғинлар Францияни ҳам четлаб ўтмади. Жанубий Франциянинг ўрмонлари ҳам олов ичида қолди. У ерда бир киши ҳалок бўлиб, яна бир одам бедарак йўқолди.