ДХХнинг собиқ мулозимлари суди ҳам ёпиқ ўтиши белгиланди

3-саҳифа

image

Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ ходимлари Ганчар Узоқов ва Алижон Ашуровга оид жиноят иши маҳкамаси ёпиқ тарзда кўрилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Telegram-каналида баёнот берди. 

Бугун, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида ДХХ собиқ мулозимлари – подполковник Ганчар Узоқов ва подполковник Алижон Ашуровга Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш бошланаши белгиланган эди. 

Тошкент шаҳар судлари берган баёнотда келтирилишича, жиноят ишларида шахсий ҳаёт билан боғлиқ ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, суд ажримларига асосан, жараён ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган. 

Ушбу жиноят иши доирасида Узоқов ва Ашуровдан ташқари айни моддалар билан Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдинов ҳам айбланмоқда. Иш Кореяга юборилаётган мигрантлардан ноқонуний пул ундириш билан боғлиқ. 

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқалардан иборат уюшган жиноий гуруҳ Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион “схема” яратиб, фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари, фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан, қарийб 90 млн АҚШ доллари йиғгани ҳақида хабар берган эди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаментининг собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши ҳам Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида ёпиқ тарзда ўтаётгани ҳақида хабар берган эди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг