Абдуллаев суди нега ёпиқ ўтказилаётгани сабаби айтилди
3-саҳифа
−
15:30 1930 3 дақиқа
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлиги сабабли ёпиқ суд мажлисида кўрилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Telegram-каналида маълум қилди.
Гап шундаки, бугун, 29 июль куни Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ва яна 28 киши айбланаётган коррупцион иш бўйича Янгиҳаёт туман судида биринчи маҳкама бўлиб ўтиши белгиланган эди. Суд кутилмаганда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида ўтказиладиган бўлди. Бунга ҳеч бир расмий изоҳ бермади. Бу ҳам етмагандек, ЖИБ Юнусобод тумани судига етиб борган оммавий ахборот воситалари ходимлари суд биносига киритилмади, уларга суд ёпиқ тарзда ўтказилаётгани айтилди.
Суд биноси олдида ҳозир бўлган QALAMPIR.UZ мухбири воқеа жойидан Санжар Махаметов раислигида ўтаётган суд мажлисига журналистлар киритилмагани, тушунтириш берилмагани, ҳолбуки, суд томонлар суднинг ёпиқ ўтиши, унга журналистларнинг киритилмаслиги бўйича илтимоснома киритган ё киритмагани ҳақида маълумот мавжудмаслиги ҳақида ахборот берди.
Орадан кўп ўтмай, Тошкент шаҳар судлари ушбу суд мажлиси хусусида расмий баёнот бериб, суднинг ёпиқ ўтказилишига қуйидаги важни келтирди:
“Қайд этилган жиноят ишларида шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, суд ажримларига асосан, жараён ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланди”.
Маълумот учун, суд ҳужжатларига кўра, Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда.
Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.
Илова қилинган суд рўйхатига кўра, айбланувчилар орасида собиқ мансабдорлар Ҳошим Йўлдошев, Жаҳонгир Қурбонов, Дилшод Ташев ва Рустам Турсунов ҳам бор. Уларга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, шунингдек айрим ҳолатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби моддалар бўйича айбловлар илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилди. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислиги Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди. Апрель ойининг ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.
Live
Барчаси