“Ижтимоий босим”, “ёпиқ аукцион” ва “ҳарбий мансабдорлик” — собиқ амалдорларнинг суди нега ёпиқ кўрилаётгани очиқланди
3-саҳифа
−
01 август 3120 4 дақиқа
Катта лавозим эгаси бўлган, лекин хозир жиноятда айбланаётган собиқ амалдорларнинг суди ёпиқ тарзда ўтиши жамоатчиликда турли саволларни келтириб чиқарган эди. Хусусан жорий йил, 29 июль куни бошланган Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳамда яна 28 кишига оид жиноят иши атрофида баҳсли вазият юзага келди. Улар вазирлик тизимидаги давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилишда айбланаётганди.
Бир қатор ОАВларда эътирозли материаллар эълон қилингач, Тошкент шаҳар судларининг расмий телеграм-каналида яна бир нечта амалдорларга оид судлар ёпиқ тарзда ўтаётгани маълум қилинди. Улар орасида Давлaт активларини бошқариш агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқов ва Давлат хавфсизлик хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуровга оид жиноят иши ҳам бор эди. Кеча, 31 июль куни Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров бу судлар нега ёпиқ кўрилаётганига изоҳ берди. Дастлаб Ички ишлар вазирлиги тизимидаги собиқ амалдорлар ишига тўхталди,
“Жиноят-процессуал қонунчилигида очиқ суд мажлисида кўриладиган айрим тоифадаги ишларни ёпиқ мажлисда ўтказишга йўл қўйилиши белгиланган. Масалан, фуқароларнинг шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик, шунингдек, жабрланувчи, гувоҳ ёки бошқа иштирокчилар ва уларнинг яқин қариндошлари хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда иш ёпиқ кўрилиши мумкин”, дейди Турсунали Акбаров.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу жиноят ишида давлат манфаатларига доир ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган, шу жумладан, “Хизмат доирасида фойдаланиш учун” (ХДФУ) грифи остидаги махфий ҳужжатлар ва маълумотлар мавжуд. Уларнинг ошкор бўлиши давлат манфаатлари ва амалдаги қонунчилик талабларига зид келиши таъкидланди.
Шунингдек, расмий вакил оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг очиқ мажлисдаги иштироки жараёнга таъсир кўрсатиши ҳамда судьяларга нисбатан ижтимоий босим ўтказиш хавфини туғдиришини билдирди.
“Айрим маълумотлар ОАВ ёки блогерлар орқали жамоатчиликка сизиб чиқса, турли нотўғри хулоса ва муҳокамаларга сабаб бўлиши, натижада судьяга нисбатан ижтимоий босим пайдо бўлиши мумкин. Тасвирга олиш ва доимий кузатув судья ишини мураккаблаштиради ва чалғитади. Шунингдек, жараёндаги шахсий ёзишмаларни ўқиб эшиттириш фақат шахслар розилиги билан, улар норози бўлганда эса фақат ёпиқ мажлисда амалга оширилади. Шу сабабли, ижтимоий босимнинг олдини олиш ҳамда қонун талабларига риоя этиш мақсадида мазкур иш ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда”, дейди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби.
Яна бир шов шувли вазиятга ўтсак. Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги)нинг бир қатор қисм ва бандлари бўйича айбланаётган Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқов ҳамда у билан бирга яна 5 кишининг суди ҳам “ёпиқ” деб таърифланганди.
“Ёпиқ аукционлар асосан давлат мулкини бошқариш, стратегик ер участкаларини ажратиш, хавфсизлик тизимлари билан боғлиқ лойиҳалар ҳамда активлар ўртасида ўтказилади. Шундай ҳолат бўлгандан кейин, қонун билан муҳофаза қилинадиган маълумотлар мавжудлиги сабабли, хоҳлаймизми-йўқми, бундай суд мажлислари ёпиқ тарзда ўтказилади”, деди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров.
Давлат хавфсизлик хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуров ва яна 3 нафар судланувчиga оид жиноят иши ҳам ёпиқ кўрилаётган ишлар қаторида бор эди.
“Ушбу жиноят ишида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришдан ташқари, ҳарбий мансабдорлик жиноятлари туркумига кирувчи айбловлар ҳам бор. Ҳарбий соҳага оид маълумотлар қонун билан қўриқланувчи ва сир сақланувчи йўналишлардан бири ҳисобланади. Айнан шу сабабдан ҳам ушбу суд жараёни ёпиқ мажлисда кўриб чиқилмоқда”, дейди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров.
Ҳа, қонуний асос бор. Ундан четга чиқиб бўлмайди. Аммо айрим ОАВ вакиллари ва жамоатчилик фаолларида шахсий ҳаётига эмас, фуқаролар тўлаган солиғи асосида шаклланган давлат бюджетини талон-тарож қилишда айбланаётганларнинг суди имкон қадар очиқ кўрилиши керак деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Нима бўлганда ҳам QALAMPIR.UZ жаҳон ва жамиятдаги энг муҳим воқеликларни кузатиб боришда ҳам таҳлил қилишда давом этади.
Live
БарчасиТуркияда F-16 ҳалокатга учради
12 август