Бекмурод Абдуллаев суди судьяларга нисбатан эҳтимолий босимлар сабаб ёпиқ ўтмоқда

3-саҳифа

image

Бекмурод Абдуллаев ва бошқаларга оид суд махфий ҳужжатлар, маълумотлар ҳамда судьяларга нисбатан эҳтимолий босимлар сабаб ёпиқ ўтмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Бугун, 31 июль куни Тошкент шаҳар суди биносида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда билдирилишича, мазкур жиноят ишининг ҳажми ниҳоятда катта бўлиб, у 368 жилддан иборат. Иш бўйича 30 нафар шахс судланмоқда, уларнинг 15 нафарига қамоққа олиш, 11 нафарига эса гаров ҳамда бошқа эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Матбуот котиби суд мажлисининг ёпиқ ўтказилишини амалдаги Жиноят-процессуал кодекси талаблари ҳамда бир қатор ҳуқуқий ва хавфсизлик омиллари билан изоҳлади.

“Жиноят-процессуал қонунчилигида очиқ суд мажлисида кўриладиган айрим тоифадаги ишларни ёпиқ мажлисда ўтказишга йўл қўйилиши белгиланган. Масалан, фуқароларнинг шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик, шунингдек, жабрланувчи, гувоҳ ёки бошқа иштирокчилар ва уларнинг яқин қариндошлари хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда иш ёпиқ кўрилиши мумкин”, дейди Турсунали Акбаров.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу жиноят ишида давлат манфаатларига доир ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган, шу жумладан, “Хизмат доирасида фойдаланиш учун” (ХДФУ) грифи остидаги махфий ҳужжатлар ва маълумотлар мавжуд. Уларнинг ошкор бўлиши давлат манфаатлари ва амалдаги қонунчилик талабларига зид келади.

Шунингдек, расмий вакил оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг очиқ мажлисдаги иштироки жараёнга таъсир кўрсатиши ҳамда судьяларга нисбатан ижтимоий босим ўтказиш хавфини туғдиришини билдирди.

“Айрим маълумотлар ОАВ ёки блогерлар орқали жамоатчиликка сизиб чиқса, турли нотўғри хулоса ва муҳокамаларга сабаб бўлиши, натижада судьяга нисбатан ижтимоий босим пайдо бўлиши мумкин. Тасвирга олиш ва доимий кузатув судья ишини мураккаблаштиради ва чалғитади. Шунингдек, жараёндаги шахсий ёзишмаларни ўқиб эшиттириш фақат шахслар розилиги билан, улар норози бўлганда эса фақат ёпиқ мажлисда амалга оширилади. Шу сабабли, ижтимоий босимнинг олдини олиш ҳамда қонун талабларига риоя этиш мақсадида мазкур иш ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда”, дейди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби.

Маълумот учун, суд ҳужжатларига кўра, Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда.

Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.

Илова қилинган суд рўйхатига кўра, айбланувчилар орасида собиқ мансабдорлар Ҳошим Йўлдошев, Жаҳонгир Қурбонов, Дилшод Ташев ва Рустам Турсунов ҳам бор. Уларга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, шунингдек айрим ҳолатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби моддалар бўйича айбловлар илгари сурилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган Бекмурод Абдуллаев 2025 йилнинг 3 ноябрь куни ишдан бўшатилди. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислиги Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилди. Апрель ойининг ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани учун озодликка чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу хабарларни тасдиқлагани йўқ, лекин рад ҳам этмади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг