ДХХ Фарғонада қорадорига қарши рейдда 8 кишини ушлади

3-саҳифа

image
ДХХ одам савдоси ва гиёҳвандликка қарши тадбирда 5 кишини ушлади north_east

ДХХ одам савдоси ва гиёҳвандликка қарши тадбирда 5 кишини ушлади

Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирда 8 киши қорадори билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 2003 йилда туғилган фуқаронинг ёни ҳамда яшаш хонадонидан жами 2 килограмм 992 грамм “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу шахс Тожикистондан олиб келинган “ажал оғуси”ни Фарғона вилоятида яшовчи мижозларга сотишни режалаштирган.

Бошқа бир ҳолатда эса Қўштепа туманида вақтинча яшовчи, 1984 йилда туғилган Тожикистон фуқароси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 3 нафар муқаддам судланган шериклари билан Тошкент вилоятининг Бўка туманига бориб, йўлнинг қатнов қисми четига тожикистонлик наркосавдогарлар яшириб кетган 1 килограмм 977 грамм “гашиш” моддасини олиб, ортга қайтаётган вақтида Наманган вилоятининг Поп туманида қўлга олинди. Улар ушбу гиёҳвандлик воситаларини Фарғона, Марғилон шаҳарлари ҳамда Олтиариқ туманида яшовчи харидорларга сотишни режалаштирган.

Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 2003 йилда туғилган муқаддам судланган шахс ва унинг 2004 йилда туғилган турмуш ўртоғи ушланиб, улардан 1 килограмм 924 грамм “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди. Аниқланишича, ушбу “ажал оғуси” ҳам Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда 1988 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган шахсга тегишли “Комби” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Қирғизистондан келтирилган 966 грамм “гашиш” ҳамда 976 грамм “опий” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари ўтказилган “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирларида сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа жамоат жойларида ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилганди. Аниқланган ҳолатлар бўйича қўзғатилган 93 та жиноят ишлари доирасида 94 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилганди. Шунингдек, 18 та ноқонуний ўқотар қурол ва 126 дона совуқ қурол аниқланди, 53 нафар қидирувдаги шахс ушланди. Тошкент шаҳрида эса “Макаров” пистолети, 2 дона ўқдон ва 15 та жанговар патронларни сақлаб келган шахс аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ Фарғона вилояти қора дори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг