ДХХ тунги клубларда рейд ўтказди
3-саҳифа
−
09 Февраль
32449Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги тузилмалари томонидан жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари Ўзбекистон бўйлаб “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, 7 февраль куни ўтказилган “Ориат” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари давомида ахлоқ ва соғлиққа қарши қаратилган жиноятларни аниқлаш, ОИВ (ОИТС) ва бошқа турдаги юқумли, тери-таносил касалликларининг тарқалишини олдини олиш мақсадида сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа жамоат жойларида ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилди. Унда 340 та объект текширилиб, аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган 2957 шахс билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва мобил тарзда шифокор кўригидан ўтказилиб, тегишли тиббий хулосалар олинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича қўзғатилган 93 та жиноят ишлари доирасида 94 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. 153 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1920 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказилди ҳамда уларнинг 766 нафари расмий огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги тузилмалари томонидан жорий йилнинг 27-31 январь кунлари мамлакат миқёсида “Антитеррор-тозалаш” кенг кўламли тадбирлари ўтказилганди ва жиноят ишлари доирасида 169, маъмурий ишлар доирасида 270 киши қамоққа олинганди.
LiveБарчаси