Фирмаларга машҳурлар номини бериш мумкинми? ДХА изоҳ берди
Жамият
−
23 Январь 2021
9527Аввалроқ, Самарқанд шаҳрида АҚШнинг янги Президенти Жо Байден номи билан корхона очилгани ҳақида хабар берган эдик.
Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ваколатли орган сифатида тадбиркорлик субъектларининг фирма номларида машҳур шахсларнинг номларидан фойдаланилаётганлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.
Биринчи навбатда қайд этилишича, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига асосан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни унинг ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатади.
Иккинчидан, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали (ўзи келган ҳолда ёки онлайн усулда) давлат рўйхатидан ўтказилади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига асосан Фирма номида:
• давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;
• тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;
• фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;
• жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак.
Тўртинчидан, Давлат хизматлари агентлиги томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунга асосан фирма номларида ишлатилиши мумкин бўлмаган сўзлардан фойдаланиш бўйича чекловлар қўйилди. Ушбу рўйхат мутахассислар томонидан мунтазам равишда янгиланиб борилади.
“Сўнгги кунларда муҳокамага сабаб бўлган тадбиркорлик субъектларининг фирма номлари, тадбиркорлар билан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг, белгиланган тартибда ўзгартирилди.
Ўз навбатида, тадбиркорлардан фирмаларига ном танлашда, уни ўзгартиришда юқоридаги қонун талабларига қатъий риоя этишларини сўраб қоламиз”, дейилади ДХА хабарида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 январь куни Вашингтонда AҚШ Президенти Жо Байден ва вице-президент Камола Ҳарриснинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Байден расман АҚШнинг 46-президенти бўлди.
Байден Президент бўлиши билан мусулмонларга оид фармон имзолади.
LiveБарчаси