Депутат: Масъуллар, сиз талаба бўлмаганмисиз?!
Жамият
−
12 Сентябрь 2019
6747Бир ҳафтадирки, Ўзбекистонда 2019-2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида ўқиш учун ўрнатилган тўлов-контракт миқдори муҳокама мавзуси бўлиб турибди. Давлат гранти ва контракт асосида ўқувчи талабаларга 400 000 сўм стипендия берилиши ҳам ижтимоий тармоқарда эътирозларга сабаб бўляпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев 2019-2020 ўқув йили учун ўрнатилган контракт миқдорлари ва стипендия бўйича ўз фикрларини билдирди.
“Олий таълим тизимида контракт, стипендия каби талабалар учун ҳаёт-мамот даражасидаги масалаларда барқарорликнинг йўқлиги таълим сифати қолиб, талабаларда таълимга бўлган ихлоснинг қайтишига олиб келиши мумкин.
Иш ҳақлари 10 фоизга ошган даврда қайси мезон ва виждон билан контракт миқдорини 18 фоизга ошириш мумкин? Аҳир контракт ошиши узоқ ишланишлар билан инновацион услубда топилган гениал таклиф - иш ҳақлари ошадиган фоиз миқдорларига боғланган эмасмиди?
Бунисигаку чидаш мумкиндир, бироқ контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга қандай баҳо олишидан қатъий назар бир хил 400 минг сўм стипендия белгиланишини қандай изоҳлаш мумкин? Гапни қанча айлантирмайлик реал ҳаётда бу талабалар ўртасида яхши ўқиш учун рағбатнинг буткул йўқолиши ва ўз устида ишлашга ихлоснинг қайтишига олиб келиши факт.
Тасаввур қилинг 32 мингта талабага ётоқхонадан жой топилмай турган вақтда улар пул ҳисобига квартира топиш, еб ичиш, ўқишга қатнаш ҳаражатлари билан талаба бўлиб таҳсил оладими ёки яшаш учун норасмий сектордаги ишчи бўлиб кун ўтказадими?
Хуллас табақалаштириш деганда биз контракт тўловида енгиллик бўлиши, талабаларга имконият берилиши учун амалга ошириладиган "тўлов табақалаштириш"ни тушунгандик. Бунда эса талабаларни бюджет ва контрактга ажратиб очиқчасига ерга уриш билан табақалаштириш бошланиб кетибди.
Шўринг қурсин талаба! Талабалик даврида ҳеч қандай контракт тўлаш ғами бўлмай, стипендия ҳисобига яшаб, билим олиш имкониятидан фойдаланиб бугун шундай гениал ғояларни киритаётган масъулларга виждонан ортга бир назар солиб, талабалик даврларини эслаб қўйишларини сўрайман. Сиз талаба бўлмаганмисиз?”, дейди депутат Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, жорий ўқув йилидан сиртқи ва кечки таълим йўнаишида ўқиш учун тўлов контракт миқдори 35-40 фоизга камайтирилди.
LiveБарчаси