Давлат бюджети халқники эмас, деган мансабдорга ҳайфсан берилди
Жамият
−
05 Июль
15847Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев давлат хизматчиларининг фаолияти муҳокама қилинишига қарши эканини билдирганди.Мазкур ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгач, Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов бошқарма бошлиғининг фаолияти ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилишини айтганди. Эндиликда Салоҳиддин Нуриевга интизомий жазо чораси қўлланилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хабар берди.
Аниқланишича, матбуот анжуманининг савол-жавоб қисмида блогер давлат хизматчилари ўз хизмат фаолияти давомида ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслиги бўйича савол берган. Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ушбу саволга жавоб беришда “давлат хизматчиларини ижтимоий тармоқда муҳокама қилиш нотўғри” деган фикрни келтириб ўтган. Шунингдек, савол-жавоб асносида “халқ пули” ва “давлат пули” каби тушунчалар ҳақида фикрларини айтган.
Бунда Салоҳиддин Нуриев “халқ пули” деган тушунчани қонунчилик термини нуқтаи назаридан баён этганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, қонунчиликда тақиқланмаган бўлса-да, “давлат хизматчиларини муҳокама қилиш нотўғри” деган фикрни ҳам келтириб ўтгани тасдиқланди.
Салоҳиддин Нуриев ўз тушунтиришида мазкур фикрни Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларидан келиб чиқиб баён этганини билдирган.
Ўрганиш якунига кўра, бошқарма бошлиғи юқоридаги фикрларини жамоатчиликка етказишда қонунчиликка таянмагани, асосли ва таҳлилий ёндашмагани, айрим ўринларда шахсий қарашларидан келиб чиқиб тушунтириш берганлиги аниқланди.
“Шу билан бирга, вилоят Адлия бошқармаси мазкур матбуот анжуманидаги видеопарча тарқаб кетгандан кейин баёнот бермасдан, натижада жамоатчилик муносабатини ўзгартириш, уни юмшатиш чораларини кўришда сусткашликка йўл қўйган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, матбуот анжуманини ўтказишда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этиш бўйича кўрсатмаларига зид равишда тадбир етарли тайёргарлик кўрилмасдан ташкил қилинган, регламент бузилган, тадбир модерация қилинмаган, уни тўлиқ ёзиб олишнинг техник чоралари кўрилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриевга нисбатан меҳнат қонунчилигига мувофиқ ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди. Шунингдек, адлия тизимида бундай хатоликлар такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олингани маълум қилинди.
LiveБарчаси