Давлат бюджети халқники эмас деган адлия ходимининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади (видео)
Жамият
−
04 Июнь
17177Давлат хизматчиларининг фаолияти муҳокама қилинишига қарши эканини билдирган Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриевнинг фаолияти ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақда Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов кеча, 3 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғининг матбуот анжуманида билдирган фикр ва мулоҳазалари бўйича Адлия вазирлиги томонидан расмий муносабат билдирилди. Бу ҳолат вазирлик томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда жамоатчиликни ҳам хабардор қиламиз”, дейди Алишер Каримов.
Вазир ўринбосари асосий масалага тўхталиб, Ўзбекистон Конституциясида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳисобланиши ва давлат шу халқнинг иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилишини эслатиб ўтди.
“Давлат органлари ва мансабдор шахслари халқ олдида масъулдир, яъни ҳисобдорлик принципи Конституциямизда белгилаб қўйилган. Адлия вазирлигининг фаолияти ҳам очиқлик ва ҳисобдорлик принципи асосида йўлга қўйилган. Давлат бюджети масалалари бўйича халқ, жамоатчилик Давлат бюджети ижроси, унинг шакллантирилиши ва сарф-харажатлари масалалари бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга”, дейди Адлия вазири ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриевнинг давлат хизматчиларининг фаолияти муҳокама қилинишига қарши эканини билдириб, "халқ пули, халқ мулки деган нарса йўқ, пул давлат бюджетига ўтдими, давлат мулкига айланади", деган гапи эътирозларга сабаб бўлганди.