Халқ пули давлат бюджетига ўтдими, у давлатнинг пулига айланади – Салоҳиддин Нуриев (видео)
Жамият
−
02 Июнь
15592Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриевнинг давлат хизматчиларининг фаолияти муҳокама қилинишига қарши эканини билдириб, матбуот анжуманида айтган фикрлари тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
"Халқ пули, халқ мулки деган нарса йўқ. Пул давлат бюджетига ўтдими, давлат мулкига айланади”, деган Нуриев матбуот анжуманида.
Мазкур ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат вазирлик томонидан ўрганилмоқда, ўрганиш якунлари бўйича ҳолатга баҳо берилади.
"Шу билан биргаликда, давлат органлари ўз фаолиятида халқ олдида ҳисобдор эканлиги Конституцияда белгилаб қўйилганлиги, Адлия вазирлиги фаолияти шу жумладан, жамоатчилик олдида қатъий ҳисобдорлик принципи асосида ташкил этилганлиги маълум қилинади.
Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар", дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирлик барча фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари белгиланган тартибда, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин эканини урғулаган. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.
Маълумот учун, Салоҳиддин Нуриев 1981 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. Маълумоти олий, 2001 йил Тошкент давлат юридик институтини, 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган, ҳуқуқшунос.
У ўз меҳнат фаолиятини 2001 йилда Адлия вазирлигининг Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган ва ҳозиргача адлия органларида турли масъул лавозимларда фаолият юритган. 2014-2018 йилларда Наманган вилоятида, 2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятида, 2019-2024 йилларда Самарқанд вилоятида, 2024 йилнинг февраль ойидан яна Қашқадарё вилоятида Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.
LiveБарчаси