Дард устига чипқон: Пашиняннинг отаси вафот этди

Олам 5274
image

Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашиняннинг отаси Вова Пашинян 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Арменпресс” Ҳукумат Матбуот хизматига асосланиб хабар берди. 

Унда қайд этилишича, Вова Пашинян узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этган. 

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Вова Пашинян вафотидан аввал бир ҳафта давомида шифохонада даволанган. У анча йиллардан буён онкологик касаллик билан оғриган. 

Бош вазир Пашиняннинг отаси кўп йиллар футбол ва волейбол бўйича мураббийлик қилган. 

Никол Пашиняннинг онаси Светлана Пашинян эса 1987 йилда, у 12 ёшдалигида вафот этган. Никол ўгай онаси томонидан тарбияланган. 

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян оғир йўқотиш муносабати билан иштирок этмаяпти. 

Йиғилиш аввалида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга отасининг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян уч тарафлафа (Россия, Озарбайжон, Арманистон – таҳр.) баёнотга имзо чекканидан сўнг, мамлакатда Бош вазирга нисбатан норозилик намойишлари бошланди. Арманистонликлар, сиёсий партиялиялар ва мухолифат фаоллари, сиёсий элита, ҳатто, Президент Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 138
Рейтинг: 2.9
t
×